Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги Райиш кўчасида истиқомат қилувчи аҳоли икки бошли илонни, ушлашган. Тўғри, у эртаклардаги аждармисол девқомат ва қўрқинчли эмас эди.

— У оддий сув илон эди, — дейди фуқаро Улуғбек Муҳаммаджонов. — Узунлиги йигирма сантиметрлар атрофида. Кўчада ўйнаб юрган болалар ушлаб олишибди. Қарасам, ҳали видеога олишяпти, ҳали бошини силашяпти. Бу аҳволда уни нобуд қилиб қўйишларидан қўрқиб уйимиз ёнидан оқиб ўтувчи Шахрихонсойга қўйиб юбордим.

Бу воқеа кеча 1-ноябрь куни содир бўлган. Афсуски, уни кўришга улгурмадик. Бироқ бизга гувоҳлик берувчи фотоларни ва видеони тақдим этишди.