Туркия ғарбидаги Измир вилоятида юз берган зилзила оқибатида турар жой биноларининг вайроналари остида қолиб кетган қизалоқ 91 соатдан сўнг қутқариб олинди, деб хабар беради Anadolu.

Измир губернатори Селим Кошгарнинг маълум қилишича, Айда Гезгин исмли 3 ёшли қизалоқ қутқариб олинган.

Айда Гезгин Измирдаги вайроналар остидан чиқариб олинган 107-жабрланувчига айланди.

Болакайни қутқаришда иштирок этган Нусрат Аксойнинг сўзларига кўра, қизча вайрон бўлган квартиралардан биридаги кир ювиш машинасининг ёнига қисилиб қолган.

«Аввалига унинг овозини эшитдим ва бошқа қутқарувчиларга хабар бердим. Қизалоққача етиб боргач унинг исмини, қўлини қимирлата олиш-олмаслигини сўрадим. У қўлини кўтариб, силкитди», дейди у.

Шифокорлар болакайнинг аҳволини қониқарли деб баҳолаган. Аввалроқ Измирдаги зилзиладан сўнг 65 соат ўтиб, вайроналар остида қолган 3 ёшли қизча қутқариб олингани тўғрисида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, зилзила 30 октябрь куни тушдан кейин Туркиянинг ғарбий қисмида содир бўлган, унинг кучи 6,6 баллни ташкил этганди. Зилзила эпимаркази Эгей денгизида, Измир вилоятининг Сефериҳисар шаҳри яқинида бўлган.