Австрия ички ишлар вазири Карл Нехаммер Венада уч кишининг ўлимига олиб келган террорчилик ҳужумини ИШИД террорчилик гуруҳи тарафдори содир этганини маълум қилди.

Теракт ИШИД тарафдори бўлган камида бир нафар террорчи томонидан амалга оширилгани айтилмоқда.

Вена полицияси хабарига кўра, ҳужум қилган шахс полициячилар томонидан ўлдирилган. Жиноятчи винтовка (сойли милтиқ) ва тўппончалар билан қуролланиб, белига сохта «худкуш камари»ни боғлаб олган. Полиция террорчининг шахсини аниқлаган, аммо бу маълумотни ошкор қилмаган.

Шаҳар полицияси маълумотларига қараганда, Венада олтита нуқтада бўлиб ўтган отишмада уч киши: икки эркак ва бир аёл ҳалок бўлган; яна 15 киши, шу жумладан, бир полициячи яраланган, улардан баъзилари оғир аҳволда ётибди.

Ҳужум қилган шахс маҳаллий вақт билан 20:09 (Тошкент вақти билан 3 ноябрь 00:09)да, террорчилик ҳужуми бошланганидан кейин тўққиз дақиқа ўтиб ўлдирилган.

Жиҳодчилар Венадаги теракт Австриянинг АҚШ раҳбарлигидаги коалициядаги иштироки учун «жазонинг бир қисми» бўлганини айтган. Террорчилар фаолиятини кузатиб борувчи SITE Intelligence Group ташкилоти гуруҳи раҳбари Рита Кац тахмин қилишича, ИШИД ҳужумкор ёки ҳужумкорларни «илҳомлантирган» бўлиши мумкин, аммо ҳужум иштирокчиларининг ҳаракатларини мувофиқлаштирмаган.

Рита Кац берган маълумотларга кўра, интернетда гўёки ҳужум қилган террорчи акс этган фотосурат тарқалган. Унга ИШИД етакчиси Абу Иброҳим ал Ҳошимий ал Курашийга қаратилган қасамёд илова қилинган. Фотосуратнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмаган.

Эслатиб ўтамиз, Австрия пойтахти Венада номаълум кимсалар отишма уюштирди. Ҳодиса 2 ноябрь куни кечаси Шведенплац майдонидаги синагога ва яҳудийлар маркази жойлашган ҳудудда рўй берди.