Франция президенти Эммануэл Макрон номаълум кимсалар Венада ўт очишганидан сўнг Австрияликларга ҳамдардлик билдирди.

“Биз французлар, пойтахт Вена марказида ҳужумга учраган Австрия халқига ҳамдардмиз. Франциядан сўнг бизнинг иттифоқдошимиз ҳужумга дучор бўлди. Душманларимиз ким билан жангга киришганини англашсин. Биз ҳеч нарсадан воз кечмаймиз”, дея ёзган Макрон ўзининг Twitter саҳифасида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Aвстриянинг Вена шаҳрида номаълум шахс яҳудийлар синагогасига ҳужум қилишга уринган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг сўзларига кўра, бинони қўриқлаётган полициячи жиддий жароҳат олган.

Шунингдек, бир киши ҳалок бўлгани ва бир нечта ярадорлар борлиги ҳақида хабарлар мавжуд. Маълум бўлишича, ҳужум қилган шахс воқеа жойидан қочиб кетишга улгурган.

Воқеа жойига хавфсизликни таъминлаш учун қўшимча полиция ва махсус кучлар етиб келишгани айтилмоқда. Маҳаллий ОАВ ҳужум ресторан, синагога ва яхудийлар марказига бир вақтда уюштирилганини таъкидламоқда. Австрия полицияси бу теракт ҳужуми бўлиши мумкинлигини инкор этмаяпти.

Бу сўнгги бир неча кун ичида Венадаги иккинчи ҳужум ҳодисасидир. Ўтган дам олиш кунлари 50 га яқин исломчилар католик черковига ҳужум қилиб, ички безакни бутунлай йўқ қилишган эди.

Айни дамда маҳаллий полиция вакиллари ҳужумчилар тўлиқ зарарсизлантирилгани тўғрисидаги маълумотларни тасдиқлагани йўқ. Австрия ОАВ берган маълумотларга кўра, Венадаги отишмада етти киши ҳалок бўлган. Улар орасида битта полициячи ҳам бор. Шунингдек, тўрт киши жиддий жароҳат олган.

Австрия ОАВ тарқатган маълумотларга кўра, террорчилар воқеа жойига яқин бўлган ресторанларнинг бирида бир нечта шахсни гаровга олишган. Асирларнинг аниқ сони ҳозирча маълум эмас.

Интернетда Венадан олинган янги кадрлар пайдо бўлди. Тахминларга кўра, ҳужумчилардан бири қўлида Калашников автоматини тутган қора ниқобли одам бўлган.

Aвстрия Ички ишлар вазирлиги раҳбари шаҳардаги отишма террор ҳужуми эканлигини тасдиқлади. Отишмада бир неча киши ҳалок бўлган.

“Бир полициячи яраланди. Венада отишма содир бўлганидан кейин битта террорчи ҳибсга олинган. Венадаги ҳужум шу дақиқаларда давом этмоқда”, дея қайд этган мамлакат ИИВ раҳбари.