Гулнора Каримованинг қизи Instagram’даги саҳифасида онасининг аҳволи ҳақида маълумот берди.  Иман Каримова шу йўл билан жамиятда резонанс уйғотиб, онасини қамоқдан чиқаришга уринмоқда.

Иман бу сафар инстаграмда онасининг ўпкасида муаммо борлигини маълум қилди. Иманнинг айтишича, Каримовага коронавирусга тест топширишга рухсат этилмаяпти.

Таъкидлаш жоиз, Каримованинг қизи унинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақида маълумот бериш орқали босим ўтказиб, онасини қамоқдан озод қилишга биринчи марта ҳаракат қилаётгани йўқ. Аввалроқ Иман ушбу мавзуда маълумот берган эди.

Лекин кейинчалик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар буни рад этган эди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Каримова барча тиббий муолажаларни қабул қилаётганини таъкидлаган эди. Ҳозирча Иманнинг ушбу мурожаатига нисбатан масъуллар томонидан изоҳ берилгани йўқ.