Актёр ва продюсер Жавлон Шодмонов “Daryo” интернет-нашрига эксклюзив интервью берди.

Жавлон Шодмонов “Божалар” жамоаси Мўмин Ориповнинг вафотидан сўнг бачканалашиб кетди, мазмунидаги гапларга муносабатини билдирди.

Билмасам энди. Менимча, ҳар доим иккита одамни кўриб юрган мухлислар учун битта одам бўлмай қолиши ғалати туюлиши мумкин. Ҳозир Мўмин бўлганида, бошқача бўларди. Билмадим. У вақтда жиддий дейсиз-у, аммо ‘Жийда гуллаганда’, ‘Анҳор бўйида’ қўшиқларимизда ҳам ҳазиломуз сўзлардан фойдаланганмиз, ҳозир ҳам шунақа сўзлардан фойдаланамиз.

Ҳозир ҳам Жаҳонгир акамнинг жиддий қўшиқлари, чуқур маънога эга бўлган қўшиқлари бор. Энди уларнинг услублари шунақа. Жиддий қўшиқларни катта реклама қилмаслигимизнинг сабабини билмайман. Бачкана-бачкана дейишади-ю, аммо барибир кўришади. Агар бирорта одамни ёқтирмасам, у одамни кўрмайман, эшитмайман, эътибор ҳам бермайман, менда шунақа одат бор. Биз бачкана бўлсак, нега бизни кўришади, эътибор беришади. Шу ҳолатга тушунмайман.

Жавлон Шодмонов,
Актёр, режиссёр, продюсер

Маълумот учун, “Божалар” гуруҳи аъзоси Мўмин Орипов 2009 йилнинг 28 июнь куни мудҳиш автоҳалокат сабаб вафот этган.