Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги “Uzbekistan GTL» инвестиция лойиҳасининг қурилиш майдонида жорий йилнинг 22 октябрь куни йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда Nasafnews вилоят ҳокимлигига таяниб хабар бермоқда.
Вилоят ҳокими раҳбарлик қилган муҳокама йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси, Энергетика вазири А.Султонов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Хусанов, Ўзбекистон нефт-газ, геология ва энерегетика ходимлари касаба уюшмаси раиси Ш.Қурбонов, “Ўзбекнефтгаз” АЖ департамент бошлиғи А.Бахадиров, “Uzbekistan GTL” МЧЖ, “Eriell Group”, “Enter Engineering Pte. Ltd.” компаниялари раҳбарлари, инженер-техниклар, бригада бошлиқлари ва ишчи-ходимлар иштирок этди.
Йиғилишда “Uzbekistan GTL” инвестиция лойиҳаси 90,9 фоизга, шу жумладан қурилиш-монтаж ишлари 76,3 фоизга бажарилганлиги, қурилиш майдонида жами 12 мингга яқин ишчи-ходимлар (шулардан 1 771 мутахассис чет эл фуқаролари) ва 719 та махсус техника ва механизмлар сафарбар этилганлиги ҳамда заводнинг бир қатор технологик қурилмаларида ишга тушириш олди ва созлаш ишлари амалга оширилаётганлиги қайд этилди.
Шунингдек, йиғилишда ҳар икки томоннинг фикр ва кўрсатмалари эшитилган ҳолда шу жойнинг ўзида қуйидаги қарорлар қабул қилинди:
Вилоят махсус комиссияси раиси Зойир Мирзаевнинг қарори билан барча санитария ва эпидемиологик чораларга риоя қилган ҳамда ПЦР таҳлилини ўз вақтида топширган ҳолда қатъий карантин чоралари завод ҳудудида юмшатилади. (Ниқобда бўлиш, жамоат жойларида масофа сақлаш ва шахсий гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда).
Завод ҳудудида жамоатчилик билан ишлаш ва меҳнат муносабатларини доимий назорат қилиш мақсадида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, «ENTER Engineering» компанияси касаба уюшмаси, Энергетика вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, “Ўзбекнефтьгаз” АЖ вакилларидан иборат 4 та ишчи гуруҳ тузилади. Улар томонидан ишчи-ходимларнинг муаммо ва таклифларини доимий равишда (ҳафтада камида уч марта) ўрганиб бориш тизими йўлга қўйилади.
Қуриқлаш хизмати масъул ходимларини эгаллаб турган лавозимига лойиқ ёки нолойиқлиги ўрганиб чиқилади ва ишчи-ходимларнинг танлови билан ўз лавозимида қолдирилади.
Ишчи-ходимларнинг маданий хордиқ чиқаришлари учун график асосида ҳафтасига бир маротаба концерт дастурлари, учрашувлар, маърифий кечалар ва спорт мусобақалари ташкил этилади. Шунинг баробарида ўзининг намунавий меҳнати билан ўрнак бўлаётган ишчи-ходимларни доимий равишда рағбатлантириб бориш тизими жорий этилади.
«ENTER Engineering» компанияси ишчи-ходимларини талабидан келиб чиққан ҳолда  “Uzbekistan GTL” ҳудудидаги касаба уюшмаси раиси ва ўринбосари қонунда белгиланган тартибда вазифасидан озод қилиниб, уларнинг ўрнига оддий ишчилар билан мулоқот қилиш маданиятига эга, тажрибали ва фидойи раҳбарларни тайинланади.
Вахта усулида ишлаш тартиби – объектда 22 кун ишлаш ва 8 кун дам олиши, ойлик маошларининг тўлиқ ва ўз вақтида тўланишини ишчи гуруҳ томонидан жиддий назоратга олинади.