Шу йил 14 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти расмий веб-сайти тарқатган ахборотдан иқтибос: “…Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг мамлакатимизга бўлажак давлат ташрифига пухта тайёргарлик кўрилмоқда…”. Бу ҳақда platforma.uz хабар бермоқда.

Ундан кейинги динамикани кузатамиз: 20 октябрь. “…Шавкат Мирзиёев АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони, генерал Кеннет Маккензини қабул қилди…” (ЎзА)

20 октябрь. “… Абдулла Арипов Россия Бош вазири билан телефон орқали мулоқот қилди…” (ЎзА)

Бу ташқи актор — ўйинчи давлатлар жўғро-сиёсати кейинги беш йилликда ҳам ўзгармай қолаётганини англатади.

Жаҳонда пандемия боис юз бераётган умумий ғўжала “кайфият” ва бу “кампания”даги иштирокчи баъзи давлатларнинг “ўз рўзғорлари”даги ташвиши (масалан, АҚШда сайловолди талотўплари ҳозир айни қизғин паллага кирган. Россия ҳам уч иқтисодий иттифоқдоши — Арманистон, Беларусь ва Қирғиз “кризиси”ни ҳали охиригача еча олгани йўқ) бошларидан ошиб-тошиб ётган бўлса-да, Марказий Осиё минтақасидаги Метрополия давлат — Ўзбекистонни “кўздан қочирмаслик” илинжида бўлаётганини далолатлайди.

Бундай “тиғиз” пайтда минтақа теграсидаги жўғросиёсатнинг фавқулодда “жонланиши”, албатта, иқтисодий омиллардан ташқари, сиёсий интервенция, яъни “босим”лар туфайли юзага келган бўлиши ҳам мумкин, деган тахминларни ўртага чиқаради.

Хусусан, Россиянинг Ўзбекистонни ЕОИИ “қучоғига” тезроқ тортиш борасидаги тийиқсиз истаги бугун “дипломатик сир”лик чегараларидан кесиб ўтиб кетди. Масалан, расмий Кремлнинг Ўзбек жамиятида рус тилини кенг тарғиб қилиш борасидаги ҳаяжонга йўғрилган стратегик мақсади ва олиб бораётган ҳаракатлари буни тасдиқлаб турибди.

Эҳтимол сиёсий шароитнинг шундай алғов-далғовлигидан Кремлдагилар фойдаланмоқчи бўлишгандир… Майли, бу Ўзбекистон ташқи сиёсати учун янгилик эмас. Биз учун ҳозир бу каби “сиёсий қалтис” вазиятларда тезкор ва самарали қўллайдиган қандай “қурол”ларимиз борлиги муҳимроқ.

Яъни, Ўзбекистон ташқи “таъсирли” кучлар билан энди қандай “ўйин” олиб боради?! Менинг назаримда, ўйин қоидалари кўп ўзгармаган. Бугунги ҳукумат ҳам янги Ўзбекистон учун терилган шахмат тахтасида анъанавий ўйин усулини қўллайди. Зотан, мақола бошида келтирилган хабарлар хронологияси шундан далолат бериб турибди.

Фақат бу сафарги ҳаракат ва жараёнлар динамика ва характери жиҳатдан илгаргидек изоляционизм фонида эмас, балки хийла шаффоф ва очиқроқ контексда кечиши мумкин. Негаки, бу жиҳатлар аллақачон Мирзиёев сиёсатининг “маркери”га айланиб улгурди…

Аслида минтақада давлатлари ижтимоий-сиёсий ҳаёти худди “домино эффекти”дай бир-бирига ўта “таъсирчан”. Бироқ бу борада Ўзбекистон барибир каттароқ тош босади. Негаки, мамлакатимиз кўп параметрлар, хусусан, нуфус жиҳатидан минтақанинг Бош давлати…

Хуллас, сиёсат бор экан, ундаги ўйинлар ҳам ҳеч қачон барҳам топмайди. Минтақанинг ташқи кучлар таъсиридан чиқиши, ҳеч бўлмаганда унинг хавфини сусайтириш эса ҳар доим айтиб келинадиган — минтақа интеграциялашувига боғлиқ бўлиб қолаверади…