Ижтимоий тармоқларда МТРКга қарашли “Маданият ва маърифат” телеканалида кимлардир 18 миллионлаб қалам ҳақи (бу ойлик маошдан ташқари) олаётгани ҳақида гап-сўзлар урчимоқда. Майли, ҳалол бўлса, қаддини урсин, журналистнинг бойигани яхши!

Бироқ масаланинг иккинчи томони ҳам борки, бу эътироз ўша пулни олаётган одамларнинг таъбини тирриқ қилиши мумкин. Яъни, халқнинг шунча пулини еганингдан кейин кўрсатувлар савиясиниям шунга яраша қил!

Одамлар асосий ахборотни ҳалиям Россия ОАВсидан ва ижтимоий тармоқлардан олаётир, жамият онгу тафаккури ўрис сиёсий стратеглари ғоя ва қарашлари фонида шаклланяпти. Бу эса тафаккурий қарамлигимизни тобора мустаҳкамламоқда.

Ҳолбуки, сизга бюджетдан миллий ахборот маконини шакллантиришга кўмаклашиш учун тўрт юз миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилганди, шуни ҳалолланглар, деган ҳақли эътироздир.

Албатта, бу гап у ердаги ҳеч кимга ёқмайди. Устига-устак, улар ҳужумга ўтадики, “биз ўта катта ва муҳим стратегик вазифаларни бажараяпмиз” деб. Лекин халқ учун бу қай даражада муҳим?

Шу кесим нуқтаи назаридан МТРК ва халқ икки қутбда жойлашган. Ва айнан шу жиҳати билан у UzAuto'га жуда ўхшаб кетади…

Манба