Бош прокуратура ижтимоий тармоқларда “3-эгизак қаерда Фарғонада туғуруқхонада йўқолган чақалоқ воқеаси” сарлавҳали хабарлар юзасидан расмий баёнот берди.  

Маълум қилинишича, 09.07.2020 йилда фуқаро М.М. Фарғона шаҳар прокуратурасига мурожаат қилиб, унда қизи Ф.Ғ.нинг ҳомиладорлиги давридаги текширувлар 3 та эгиз ҳомиласи борлигини кўрсатган бўлсада, Фарғона вилоят перинатал марказида ўтказилган 04.07.2020 йилги кесарча кесиш амалиётида фақат 2 нафар қиз чақалоқ олинганлигини билдириб, ҳолатга ойдинлик киритилишини сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида ҳомиладорликнинг 26-ҳафтасига қадар ўтказилган жами 16 та ультратовуш текширув натижалари Ф.Ғ.да икки эгиз ҳомила борлигини кўрсатганлиги аниқланган.

Ҳомиладорлик даврининг 26-ҳафтасидан сўнг ўтказилган 4 та ультратовуш текширувлари давомида  Ф.Ғ.нинг семизлик даражаси юқори бўлганлиги, патологик соя (артефакт) гўёки 3-ҳомила бўлиб кўринганлиги туфайли унда уч эгиз ҳомила борлиги ҳақида хулосалар қилинишига олиб келган ҳамда ушбу хулосалар асосий ташхис бўлмаслиги маълум бўлган.

Текширув давомида олинган кесарча кесиш амалиётида бевосита иштирок этган, ультратовуш текширувларини амалга оширган тиббиёт ходимларининг тушунтириш хатлари, тиббиёт ходимларига нисбатан ўтказилган хизмат текшируви хулосаси, тиббий ва бошқа ҳужжатлар асосида Ф.Ғ.нинг 3-эгиз фарзандни дунёга келтирганлиги ҳақидаги важ ўз тасдиғини топмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан 18.07.2020 йилда жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиниб, бу ҳақда мурожаат муаллифига маълум қилинган.