Кеча Дональд Трамп сайловолди дебатида шу йил охиригача АҚШда коронавирусга қарши вакцина яратилишини муждалаганди. Америка раҳбарининг айтишича, ҳозир бу иш билан Пентагоннинг ўзи шуғулланяпти.  Бу ҳақда platforma.uz хабар бермоқда.

Бугунги хабарлар эса вакцинагача ҳам АҚШ олимлари бекор ўтирмаганини тасдиқлади. Яъни мамлакатда COVID-19га қарши дори рўйхатдан ўтказилибди.

“CBS News”га кўра, мазкур препарат коронавирусни даволаш учун тўлиқ тасдиқланган биринчи дори сифатида қўлланила бошлайди.

Тўғри, сал аввалроқ, яъни 14 октябрда Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Ремдесивир” препаратини рўйхатдан ўтказгани ҳақида эшитгандик. Америкадаги янги препарат “сендан мен зўр” қабилидаги ҳаракатми ёки чинданам оламшумул ихтироми, бунисини энди вақт кўрсатади.

Ҳарҳолда COVID-19га чалиниш бўйича дунёда биринчи ўринда бораётган, 8 миллиондан ортиқ аҳолиси бу дардга йўлиққан, 223 мингдан зиёд одами вафот этган мамлакат ҳозир бундай нажотга жуда муҳтож.

Умуман, бутун инсоният COVID-19га даво топилишини маҳтал бўлиб кутмоқда. Препарату вакцинанинг айнан қаерда ва ким томонидан яратилиши эса иккинчи даражали масаладир.