Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакцинанинг клиник синовлари ўтказилиши режалаштирилди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги маълум қилди.

21 октябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги коронавирусга қарши рекомбинант вакцинанинг клиник синовларини Ўзбекистонда ташкил этиш масаласи бўйича Хитой Фанлар Академияси Микробиология институти ва “Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical” компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказди.

Музокаралар давомида ўтказиладиган клиник синовларнинг барча босқичлари муваффақиятли якунланган тақдирда, Ўзбекистон ушбу вакцинани биринчилардан бўлиб ҳамда арзон нархларда харид қилишда устуворликка эга бўлиши таъкидланди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассислари хитойлик ҳамкорлар билан эмлаш жараёнини ташкил этиш, жараёнга тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилди.