“New York Times”  Дональд Трампнинг Буюк Британия ва Ирландия қаторида АҚШ билан савдо уруши олиб бораётган давлат – Хитойда ҳам банк ҳисоб рақами борлиги ҳақида ёзди. Бу ҳақда platforma.uz хабар бермоқда.

Президентлик сайлови олдидан бу даҳшатли топилма унинг рақибига қўл келиши мумкин. Чунки бир йил аввал айнан Трамп Жо Байденни Хитой банки билан алоқадорликда айблаган эди.

Трампнинг Хитойдаги ҳисоб рақами ҳеч бир молиявий ҳисоботда кўрсатилмаган. Чунки у шахсан ўз номига эмас, балки унинг меҳмонхоналарни бошқариш компанияси – “Trump International Hotels Management LLC” учун 2013 йилда очилган. Компания 2015 йилгача ХХРда 188 минг 561 доллар миқдорида солиқ тўлаган.

Нашрнинг қайд этишича, солиқ ҳужжатларида чет элдаги ҳисоб рақамларидан қанча пул ўтганлиги ҳақида батафсил маълумот берилмаган. Аммо солиқ идораси бошқа мамлакатлардан олинган даромад тўғрисида ҳисобот талаб қилади.

Буюк Британия ва Ирландиядаги ҳисоб рақамлар Трампнинг Шотландия ҳамда Ирландиядаги гольф майдончаларини бошқарадиган компаниясига тегишли бўлиб, улар мунтазам равишда мазкур мамлакатлардан миллионлаб даромад олгани ҳақида ҳисобот бериб туради. “Trump International Hotels Management LLC” эса Хитойдан атиги бир неча минг доллар қозонилгани тўғрисида маълум қилган холос.