ХХР Қирғизистонга берган қарзни сўрашни бошлади. Бу ҳақда platformauz хабар бермоқда.  Манбанинг маълум қилишича, Қирғизистоннинг қарзи йил охирига қадар 5 млрд. долларга етиши мумкин.

Ҳозирча Бишкекнинг Хитойдан 1,7 млрд. доллар қарзи бор. Агар Қирғизистон 2021 йил январдан бошлаб бу маблағларни қайтаришни бошламаса, у ҳолда Тожикистон ва Шри-Ланка каби табиий ресурслари ёки ҳудудлари билан тўловни амалга оширишига тўғри келади.

Ташқи қарзни узиш учун эса оддий фуқаролардан ҳам ёрдам сўралган, уларга ўз маблағларини мана шундай хайрли йўлда(ким учун хайрли билмадигу, ўзи доим ҳокимиятдаги коррупционерлар, ўз нафсидан бошқани ўйламайдиган давлат мансабдорлари касрига оддий халқ қолиб юради) эҳсон қилишлари таклиф этиляпти. Мамлакат молия вазирлиги эса бунинг учун давлат банкида махсус ҳисоб рақами очишга ҳам тайёр.

Эътиборлиси, давлат қарзини узиш бўйича кампания ташаббуси айнан жамоатчилик ташкилотлари ва фуқаролар томонидан илгари сурилаётган экан.

Парламент депутати Айнар Альтинбаеванинг таъкидлашича, исталган маблағ хайрия қилиниши мумкин.

Агар пул йўқ бўлса, у ҳолда тилла ва кумушдан ясалган заргарлик буюмларини “Кырзыг-Альтын” компаниясига топширса бўлади. Компания эса тегишли суммани махсус ҳисоб рақамига ўтказиб беради“, — дейди у.

Маълумотларга кўра, Қирғизистон ташқи қарзининг 45 фоизи Хитойга тўғри келади ва бу қарз биринчи навбатда Пекинга қайтарилишини англатади.

Боз устига, Хитой бу борада муддатни ҳам узайтириб берган эди, аммо келгуси йил 1 январдан бошлаб Қирғизистон олган кредитлари бўйича фоизларни тўлашни бошлаши шарт. Давлат ғазнасида эса пул йўқ, шунинг учун барча фуқаролардан кўмак сўраляпти.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатга кредитлар жалб этиш чўққиси Алмазбек Атамбаев давлатга раҳбарлик қилган йилларга тўғри келади. У йўллар, ИЭС ва объектлар қуриш учун пул олган. Кейин эса Бишкекда тўлов қобилияти йўқ эканлиги маълум бўлди.