Шу йилнинг 3 октябрь куни халқ депутатлари Балиқчи туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Ушбу сессияда EFFECT.UZ ходимлари ҳам иштирок этиб, воқеани жойидан ёритишди.

Сессияда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева иштирок этди ва нутқ сўзлади.

 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги қарорига асосан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизими жорий этилган эди.

Давлат раҳбари раислигида 2020 йил 24 сентябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш орқали аҳоли турмуш даражасини ошириш борасидаги ишлар танқидий муҳокама этилди. Республика бўйича ўтказилган рейтинг кўрсаткичларида Балиқчи тумани “қониқарсиз” деб баҳоланган эди.

Сессияда Балиқчи туман ҳокими, шунингдек, секторлар раҳбарларининг ҳисоботи эшитилди. Туманда аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ҳажми 1 млн. 477 минг сўмни ташкил этиб, вилоят кўрсаткичидан 1,2 марта кам, чакана савдо ҳажми эса вилоят бўйича 13-ўринда. Аҳоли жон бошига экспорт ҳажми 69 АҚШ долларини ташкил этиб, туманлар орасида 15-ўринга тушиб қолган. Саноат маҳсулотларининг экспортдаги улуши бор-йўғи 9 фоиздир.

Вақтинча ишлаш учун хорижга кетганлар иқтисодий фаол аҳолининг умумий сонидаги улуши 26,4 фоизга етган. Фаолият кўрсатаётган субъектлар таркибида 3 йилдан ортиқ фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларининг улуши 58 фоиз. Бундан кўриниб турибдики, ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектларининг 42 фоизи 1-2 йилда ёпилиб кетмоқда. Уларнинг фаолиятига кўмаклашиш борасида давлат идоралари томонидан тегишли чоралар кўрилмаяпти.

Қолаверса, рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектларининг 62,8 фоизи 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида умуман фаолият юритмаган. Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даврида 286 та тадбиркорлик субъекти янги ташкил этилган бўлса, 228 таси ўз фаолиятини тугатган.

Сенат Раиси ўз нутқида бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик – иқтисодий тараққиётнинг локомотиви бўлиб, аҳолини иш билан таъминлаш ва бу орқали уларнинг турмуш даражасини оширишнинг асосий манбаи ҳисобланишини таъкидлаб, туманда бу борада амалга оширилаётган ишлар қониқарли эмаслигини билдирди. Йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича ишлаб чиқилган “йўл харитаси” лойиҳасини яна бир бор қайта кўриб чиқиш кераклиги, унга депутатларнинг таклифларини киритиш зарурлигини қайд этди.

Бундан ташқари, “йўл харитаси”да мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича муддатлар аниқ белгиланмаганлиги, тадбиркорларнинг мурожаатлари билан ишлаш юзасидан ҳеч қандай аниқ чора-тадбирлар келтирилмаганлиги тўғрисида сўз юритди. Шунингдек, халқ вакили сифатида ҳудудидаги муаммоларнинг ҳал этилиши, айниқса, тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган омилларнинг бартараф этилиши борасида депутатлик назоратини кучайтириш кераклигига урғу берди.

Сессияда билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда “йўл харитаси”ни уч кун муддат ичида қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.