Қирғизистоннинг янги ҳукуматининг асосий фигуралари кимлар? Бу ҳақда platforma.uz маълумот берди.

Ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев — Атамбаев даврида ТИВга раҳбарлик қилишга улгурган. Ҳақиқий дипломат кадр. Ҳозир депутат.

Дарвоқе, у яқинда Россия ва Марказий Осиё давлатлари элчилари, жумладан, Ўзбекистон элчиси билан ҳам учрашиб, мамлакатдаги вазият барқарорлашаётганини, сиёсий жараёнлар конституция ва қонунлар доирасига қайтгани ҳақида гапириб берган эди.

Ички ишлар вазири полковник Улан Ниёзбеков — у ички ишлар вазирлиги тузилмаларидаги фаолиятини 2008 йилда бошлаган. Бунгача молия полициясида ишлаган. 2010 йилда вазир ёрдамчиси, 2011 йилда эса ИИВнинг молия-иқтисодий тизимини бошқарган.

Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев — Жапаровнинг сафдоши. 2007 — 2009 йилларда Фавқулодда вазиятлар вазирлигини бошқарган, кейинчалик депутат бўлган. «Ата-Журт» партиясининг раиси ва мамлакат Миллий бокс федерацияси вице-президенти.

Айтганча, Ташиев бой ўтмишга эга сиёсатчи ҳисобланади. У Жалолобод вилояти маъмуриятида ишлаган, қишлоқ хўжалиги кооперативига раҳбарлик қилган. Кейинчалик у Қирғизистон ҳукумати аппарати раҳбарининг ёрдамчиси бўлди. Бир неча йил Фавқулодда вазиятлар вазирлигини бошқарган, Хавфсизлик Кенгаши аъзоси ва икки чақириқ депутати бўлган. 2012 йилда у ва бошқа бир нечта депутатлар ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга уринишда айбланиб, судланган. Кейинчалик, изоляторда ўтирган пайтларида суд улар муддатини ўтаб бўлганини эълон қилган.

2015 йилда парламент сайловлари давомида «Онугуу-Прогресс» партияси вакилини калтаклаганлиги учун МСК Ташиевнинг номзодини сайловлардан олиб ташлаган.

2017 йилда Ташиев аввалига президентликка номзодини қўйиб, кейинчалик фикридан қайтиб, Сооронбай Жээнбеков учун сайловолди ташвиқотини бошлаб юборган.

Мудофаа вазирлиги раҳбари генерал Таалайбек Омуралиев — у Атамбоев даврида Бош штаб ва Мудофаа вазирлигини бошқарган. Ўз хизматини 80-йилларнинг охирида Байкалорти ҳарбий округида бошлаган. Афғонда бўлган. Тожикистонда фуқаролар уруши пайтида у Қирғизистондан тожик-афғон чегарасини ҳимоя қилиш учун чегара батальонига қўмондонлик қилган. 2009-2010 йилларда мудофаа вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаган.

У Ўшдаги миллатлараро можарони бартараф этиш бўйича ҳарбий операцияни бошқарган. 2010-2011 йилларда бош штаб раҳбари, 2011-2014 йилларда мудофаа вазири бўлган. 2017 йилда хизмат квартираларини тарқатишда суиистеъмол қилишда айбдор деб топилиб, жаримага тортилган ва генерал унвонидан маҳрум этилган. Кейинчалик унвон унга қайтариб берилган.