Хоразм вилоятинингш Урганч шаҳрида хориждаги университетларга ўқишга киритмоқчи бўлган нодавлат ташкилоти раҳбарининг қилмиши фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Урганч шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Ўзбекистонликларнинг нодавлат республика жамоат бирлашмаси Хоразм вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари С.К., фуқаро С.В.нинг ишончига кириб, уни Астрахань Давлат техника университетига онлайн тест имтиҳонидан ўтказиб қўйиш орқали ўқишга киритиб қўйганлиги эвазига бирлашма хизмати учун 2 млн сўм ҳамда ўқишга кирганлиги ҳақида буйруқ чиқариб бериш учун 700 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан С.К.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.