Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Тўрақўрғон туманига ташрифи давомида туман Кенгаши депутатлари ва ҳудуд фаоллари билан учрашди. Effect.uz ходимлари бу тадбирни ҳам жойидан ёритиб боришди.

 

Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан Вазирлар Маҳкамасининг “Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманини 2020-2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор доирасида туманда 2020-2022 йилларда қиймати 2 трлн. 637,2 млрд. сўмдан ортиқ бўлган 84 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 5 минг 132 та янги иш ўринлари яратилади. 1 минг 160 ўринли 6 та боғча, 2 минг 99 ўринли 5 та мактаб, 9 та соғлиқни сақлаш муассасаси реконструкция қилинади ва мукаммал таъмирдан чиқарилади. 3 та маданий объект, 4 та спорт иншооти ҳамда 8 та бошқа турдаги объектлар қурилади ва реконструкция қилинади.

Қолаверса, 256,5 км ички ва давлат аҳамиятига эга йўллар таъмирланади, 7 минг 990 та аҳоли хонадонларида табиий газ таъминотини яхшилаш, етказиб берилган табиий газ ҳажмининг ҳисоб-китобини тўғри юритиш мақсадида ҳар бир хонадонга замонавий, электрон газ ҳисоблаш ускуналари ўрнатилади. Мавжуд 340 км газ тармоқлари тартибга келтирилади. 118,6 км электр энергияси тармоқлари қурилади ва реконструкция қилинади, 10 дона трансформатор ўрнатилади ва 54 таси реконструкция қилинади.

Белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан жами 182,3 млрд. сўм ажратилади. Албатта, мазкур ишларнинг барчаси Тўрақўрғон тумани аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш, улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида қилинмоқда.

Шу жиҳатдан Сенат Раиси маҳаллий Кенгаш депутатлари аҳоли вакили сифатида ушбу жараёнда фаол бўлиши ва ташаббусни ўз қўлига олиши зарурлигини таъкидлади.

“Аввало, Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгиланган чора-тадбирларни маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссиялари томонидан ўз йўналишлари бўйича назоратга олиши ҳамда комиссия йиғилишларида муҳокама қилиб бориши керак. Қолаверса, ҳар ойда бир марта қарор ижросини халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессиясида кўриб чиқиш зарур, бунда тегишли соҳа раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш лозим.

Белгиланган вазифалар ижросини назорат қилиб бориш мақсадида мониторингини амалга ошириш ҳам мақсадга мувофиқ. Қарор доирасида амалга оширилаётган ижобий ишларни аҳолига етказиш мақсадида ҳар бир депутат ўз округида сайловчилар билан учрашувлар ташкил этиши ва аҳолининг хабардорлигини ошириши зарур. Боиси, халқ вакили сифатида ўз ҳудудида аҳоли билан тушунтириш ишларини олиб бориш бевосита уларнинг вазифасидир, деди Олий Мажлис юқори палатаси Раиси Танзила Нарбаева.

Шунингдек, журналист ва блогерлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, амалга ошилаётган ишларини маҳаллий ва марказий оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот-ташвиқот қилиш лозимлигини таъкидлади. Сенат Раиси ўз нутқида туманда ўтган вақт давомида бир қатор ишлар амалга оширилгани, бунда маҳаллий Кенгаш депутатларининг ҳам ўрни борлигини қайд этди.

Бироқ ҳали одамларни қийнаб келаётган муаммолар етарлича эканлиги, жумладан, мактабгача таълим ташкилоти, умумтаълим мактаби, истироҳат боғлари ва маданий ҳордиқ чиқариш масканлари, йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви ва электр энергияси борасида тўпланиб қолган масалаларни ҳал қилишга устувор аҳамият қаратиш, секторлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиб бориш муҳимлигини билдирди.