Жорий йилнинг 2 октябрь куни халқ депутатлари Янгиқўрғон туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Сенат Раиси Танзила Нарбаева иштирок этиб, нутқ сўзлади. Ушбу сессияда Effect.uz ходимлари ҳам иштирок этди.

 

Маълумки, Президентининг тегишли қарорига асосан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизими жорий этилган эди. Шунга мувофиқ, биринчи марта туман ва шаҳарлардаги иқтисодий кўрсаткичлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш муҳити, инфратузилма ва мавжуд ресурслардан фойдаланиш даражаси ўрганилди. Таҳлиллар асосида улардаги тадбиркорлик ривожи ҳолати “яхши”, “ўрта” ва “қониқарсиз” ҳудудларга ажратилди. Хусусан, 48 та туман ва шаҳардаги ҳолат “яхши”, 119 тасида “ўрта” ҳамда 33 тасида “қониқарсиз” деб топилган.

Жорий йил 24 сентябрь куни давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш орқали аҳоли турмуш даражасини ошириш борасидаги ишлар танқидий муҳокама этилди. Бу борада нафақат жойлардаги имконият ва шароитлар, балки ҳудуддаги раҳбарларнинг масъулияти, уларнинг халқ билан ишлай олиш қобилиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Халқ депутатлари Янгиқўрғон туман Кенгашининг сессиясида республика бўйича ўтказилган рейтинг кўрсаткичларида “қониқарсиз” деб баҳоланган мазкур туман ҳокимининг ҳисоботи эшитилди.

Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ҳажми 551 минг сўмни ташкил этиб, вилоят кўрсаткичидан 2,6 марта кам, хизматлар ҳажми эса вилоят бўйича энг охирги ўринда. Ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларининг бор-йўғи 8,6 фоизи экспортга йўналтирилган. Вақтинча ишлаш учун хорижга кетганлар иқтисодий фаол аҳолининг умумий сонидаги улуши 17 фоиздан ортган. Битта бўш иш ўрни учун тўғри келадиган ишсизлар сони 21 нафарни ташкил этади.

Фаолият кўрсатаётган субъектлар таркибида 3 йилдан ортиқ фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларининг улуши 56 фоизни ташкил этмоқда. Бундан кўриниб турибдики, ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектларининг 44 фоизи 1-2 йилда ёпилиб кетмоқда. Уларнинг фаолиятига кўмаклашиш борасида давлат идоралари томонидан тегишли чоралар кўрилмаяпти. Рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектларининг 61 фоизи 2020 йилнинг ўтган даври давомида умуман фаолият юритмаган.

Бундан ташқари, туман раҳбарларининг тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари билан ишлаш борасидаги ишлари ҳам қониқарсиз аҳволда, жумладан, ҳисобот даврида 59 та такрорий мурожаатлар келиб тушган бўлиб, бу бўйича вилоятда ҳар 1000 кишига тўғри келадиган энг юқори салбий кўрсаткич қайд этилган.

“Бугунги муҳокамаларда кўрдикки, мазкур ҳудудда бу борада амалга оширилаётган ишлар қониқарли эмас. Президент томонидан фармон ва қарорлар қабул қилинмоқда, инвестициялар жалб этилмоқда, аммо жойлардаги раҳбарлар бунга тайёр бўлмаса, олиб борилаётган бу сиёсат ўзининг ижобий натижасини бермайди.

Шунинг учун ҳокимлар, секторлар раҳбарлари ишни тўғри ташкил этиб, биринчи навбатда, фаолияти тўхтаб қолган корхоналар фаолиятини тиклаш, янги корхоналар очиш, маҳаллийлаштириш дастури асосида импорт ўрнини қоплайдиган махсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, керак бўлса, туманнинг брендини яратиш ҳақида бош қотириш зарур. Бундан ташқари, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича ишлаб чиқилган “йўл харитаси” лойиҳасини яна бир бор қайта кўриб чиқиш, унга депутатлар томонидан айтилган таклифларини киритиш зарур.

Қолаверса, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича муддатлари аниқ белгиланмаган. Масалан, киритилган чора-тадбирларнинг 60 фоизида амалга ошириш муддати “доимий”, “йил давомида” ёки “йил якунига қадар” қилиб белгиланган. Қолаверса, туманнинг рейтингига салбий таъсир кўрсатган барча муаммолар киритилмаган, хусусан, вақтинча ишлаш учун хорижга кетганлар иқтисодий фаол аҳолининг умумий сонидаги улуши 17 фоиздан ортиқ бўлса-да, мавжуд ҳолатни яхшилаш бўйича аниқ рақамларга асосланган таклифлар акс эттирилмаган. Мурожаатлар билан ишлаш, ижро интизоми масалалари ҳам киритилмаган”, деди Сенат Раиси Танзила Нарбаева.

Шу билан бирга, Сенат Раиси ўз нутқида “йўл харитаси”га Бизнес омбудсман томонидан аниқланган 50 га яқин муаммоларни ҳал этиш масаласини ҳам киритиш, “яхши” ҳудудларнинг тажрибасини ўрганиш ва уларни оммалаштириш лозимлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, халқ вакили сифатида ўз ҳудудидаги муаммоларнинг ҳал этилиши, айниқса, тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этилиши устидан депутатлик назоратини кучайтириш кераклиги қайд этилди.

Туман ҳокими А.Нажмиддинов “йўл харитаси”ни 15 кун ичида қайта кўриб чиқишини билдирди. Шунингдек, сессияда секторлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди ва атрофлича муҳокама қилинди. Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди. Журналист ва блогерларнинг саволларига батафсил жавоб қайтарилди. Шу билан Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаеванинг Наманган вилоятига ташрифи якунланди.