Бугун, 12 октябрь куни бўлиб ўтган селекторда Бош вазир Абдулла Арипов Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Нажмиддин Шариповни танқид қилиб, уни популизмда айблаган. Масала — «Ўзавтомоторс» иши. Бу ҳақда журналист Алишер Рўзиохунов маълум қилди.

Айтилишича, селектор кун тартибидан «Ахборот муҳитидаги ҳолат, матбуот котибларининг фаолияти самарадорлиги, улар томонидан ахборот манбалари билан ишлашдаги муаммо ва камчиликлар тўғрисида» мавзу ҳам жой олган.

Йиғилишнинг шу нуқтасида Бош вазир Шариповни танқид остига олиб, унинг раҳбарлигидаги қўмита томонидан эркатой «Ўзавтомоторс»га нисбатан кўрилаётган чораларни популизм, дея баҳоланганмиш.

Айтишларича, текшириш натижалари бўйича чет эл консалтинг компанияларнинг хулосасини олмаган ҳолда қўмита махсус комиссияси хулоса чиқарган.

Популизм? Яқин орада шу сўзга яна қаерда дуч келдик? Ҳа, эсладим, «Ўзавтомоторс» депутат Расул Кушербаевни популизмда айблаганмиди? Демак Монополияга қарши курашиш қўмитаси «Ўзавтомоторс»нинг бир ўзи билан курашмаяпти, унинг орқасида ҳукумат турибди.

Қачондан давлат органининг назорат функциясини бажаришда чет эл консалтинг компанияларнинг хулосасини олиш талаби пайдо бўлиб қолди. Тушунарсиз. Қонун талабими бу, жаноб Бош вазир?

Расул Кушербаев, қўмитадаги 5-6 нафар ходим, майли, раиси Шарипов ҳам популист экан, шунчаки Youtube’да эълон қилинган суд репортажи остидаги изоҳларни ўқинг. Наҳотки, бир гуруҳ манфаати халқ иродасидан устун турса?

Бир яхши инсон айтган: тушкун бўлма, бу — кураш майдони. Халқ фаровонлигини кўзлаб қадам ташлайдиганлар йўқ эмас, аммо унга қаршилар ҳар жойда ва вақтда топилган. Масала эса халқ манфаатини ўйлайдиган гуруҳи қанча эканида. Агар консерватив қадамлар кўпайиб, ислоҳотчилар ҳукуматдан четлаштирилса, ваъда бериб айтаманки, аниқ «суриш керак» бўлади. Чунки биз яна 2015 йилга қайтамиз.