Аввалроқ, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Наманган вилояти Тўрақурғон туманига ташриф буюриб, 2020-2022 йилларда Тўрақўрғон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати билан танишгани тўғрисида хабар берган эдик. Ушбу ташрифни Effect.uz ходимлари жойидан ёритиб боришди.

 

Шу куни Танзила Нарбаева Тўрақўрғон тумани “Хўжанд” МФЙдан оқиб ўтувчи Жанжалсой кўприги устидан ўтувчи автомобиль кўпригини капитал реконструкция қилиш лойиҳасини кўздан кечирди.

Қачон ва қандай бой бўламиз? Танзила Нарбаева Тўрақўрғонга борди (фото+видео)

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг “Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманини 2020-2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида махсус Дастур қабул қилинган.

Дастурга кўра тумандаги Жанжалсой кўпригини реконструкция қилиш учун жами 766 миллион сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган. Ҳозирда реконструкция ишлари жадаллик билан олиб бориляпти. Мутасаддиларга бу жаарёнда сифат биринчи ўринда бўлиши кераклиги, молиялаштириш жараёнини тезлаштириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Шундан сўнг, Сенат Раиси Танзила Нарбаева Тўрақўрғон тумани “Узумзор”  маҳалласига борди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида “Соҳилобод” ҚВП фаолияти тугатилган.

Ҳозирда мазкур ҚВП жойлашган “Узумзор” ва “Соҳилобод” маҳаллаларида аҳоли сонининг кўпайиши натижасида тиббиётга бўлган эҳтиёж ва аҳоли томонидан мурожаатларнинг ортиши сабабли “Соҳилобод” ҚВПнинг фаолиятини қайта тиклаш ва мукаммал таъмирлаш юзасидан Тўрақўрғон тумани дастурининг 2022 йилда бажариш қисмига киритилган.

Шунга кўра, фаолияти йўлга қўйиладиган “Соҳилобод” ҚВПни ҳамда амалда фаолият юритиб келаётган “Хўжанд” ҚВПни мукаммал таъмирлаш учун ажратилган маблағларни 2021 йилга ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Ҳозирда маҳаллий аҳоли “Файзиобод” оилавий поликлиникасига қатнашига тўғри келмоқда. Бироқ бу туман марказидан 18 километр, давлат тиббиёт муассасаларидан қарийб 5 километр узоқликда жойлашгани сабабли бир қанча муаммоларни туғдирмоқда.

Сенат Раиси мазкур масалани кўриб чиқилиши, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида устувор аҳамият қаратиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, ҳудудда бу борада қилиши керак бўлган ишларга урғу берди.

“Пандемия бу бошқа касалликлар билан курашмаслик дегани эмас. Айниқса, бугунги кунда диспансер назоратида бўлганлар, сурункали касалликлари бор шахслар билан мунтазам шуғулланиб бориш керак. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, туғма ногиронлик ва эрта туғруқнинг олдини олиш, энг муҳими, буларнинг сабаби билан ишлаш мақсадга мувофиқ.

Қолаверса, никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтиши ҳақидаги меъёрий ҳужжат бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб берадими, бу борада қандай ишларни амалга ошириш кераклиги юзасидан таклиф ва тавсияларни бериш зарур. Яна бир жиҳат, овқатланиш маданияти, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш зарурлигига эътибор қаратиш керак.

Бу борада аҳоли орасида тарғибот ишларини олиб бориш ҳам муҳим аҳамиятга эга. “Репродуктив саломатлик тўғрисида”ги Қонунда мактаб давриданоқ жинсий тарбия тўғрисида билим берилиши ҳақида келтирилган. Бироқ бугун бу борада тегишли вазирликлар томонидан ҳеч қандай ишлар амалга оширилмаяпти. Миллий минталитетдан келиб чиққан ҳолда қизларга алоҳида, ўғил болаларга алоҳида бу борада дарслар бериш мумкин. Умуман, аҳоли саломатлигини асраш, соғлом турмуш тарзи бўйича Тўрақўрғон тумани Республикада биринчи бўлиши керак”, деди Сенат Раиси.

Акмалхон Эшонхонов Effect.uz учун махсус