АҚШнинг Вашингтон штатида жойлашган Смитсон миллий ҳайвонот боғида дунёга келган панда боласининг видеоси тақдим қилинди. У 2020 йилнинг август ойи охирида 22 яшар гигант панда Мей Сян томонидан дунёга келтирилган. Бу ҳақда ekolog.uz хабар бермоқда.

Аввалроқ энг қари гигант панда — Мей Сян сунъий уруғлантириш амалиётидан фойдаланилгандан кейин она бўлгани ҳақида хабар бергандик. У бундан аввал ҳам она бўлган, аммо фақат 2005 ва 2013 йилда дунёга келган айиқчаларгина омон қолган.

Ёши катта бўлгани сабаб Мей Сяннинг она бўлиш эҳтимоли кам бўлган. Шунга қарамай мазкур турнинг омон қолишига ҳисса қўшиши учун унга имкон беришга қарор қилдик. Мен ҳайвонларни парвариш қилувчи жамоамиз, гигант пандалар ҳақидаги билими ва тажрибаси муваффақиятга эришишимизда ҳал қилувчи роль ўйнаган илмий ходимларимиз билан фахрланаман“, дейди Смитсон институти раҳбари.

Айиқ бир ойлик бўлганидан кейин ҳайвонот боғи ходимлари томонидан тиббий текширув ўтказилган ва унинг вазни 952 грамм бўйи 34 сантиметр ташкил қилиши аниқланган. Мутахассисларнинг таъкидлашига қараганда, ҳали кўзларини очмаган панда боласи соғлом ва ривожланишда давом этмоқда.Панданинг жинси ҳали аниқ эмас.

Бу ҳақида маълумотга эга бўлиш учун ундан олинган “мазок” ДНК таҳлили учун лабораторияга юборилган. Натижа бир неча ҳафтадан кейин маълум қилиниши керак, дейилади хабарда.