Тахминан 2 йил муқаддам интернетда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг 2014 йил 10 декабрда Москвадаги халқаро мусулмонлар форумида сўзлаган нутқларига кўзим тушиб қолди. Нутқ араб тилида сўзланган бўлиб, унда ҳар бир мусулмоннинг масъулияти, маърифати, илк мустақиллик йилларида Ўзбекистонда диний аҳвол, юртимизда терроризм ва экстремизм пайдо бўлиш сабаблари ва оқибатлари, бу борада олиб борилган амалий ва маърифий ишлар ва бошқа масалалар ҳақида сўз олиб борилган. Орадан бир-икки йил ўтиб менда бу нутқни ўзбек тилига таржима қилиш ва нутқ бўйича ўз фикрларим билан улашиб, уни мақола кўринишида тайёрлаш рағбати пайдо бўлди. Бунга асосий сабаблардан, бу нутқнинг ўзбекча таржимасини учратмаганим ва шу аснода, жамиятга халқимиз ҳурмат қилган фазилатли устознинг навбатдаги маърузаларини ҳавола қилиш имкони пайдо бўлганидир. Зеро, унда ўқиб ва уқиб олсак фойдадан ҳоли бўлмайдиган, бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини сақлаб қолган муаммолар, ҳодисалар ва улар бўйича маълумот ва таклифлар зикр қилинган. Нутқда баён қилинган масала ва воқеъликлар жуда содда ва аниқ ифода этилган. Айни ушбу жиҳат марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг гўзал фазилатларидан бири бўлганлигини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим. Бу эса, ўз ўрнида ўқувчини ортиқча қийинчиликларсиз маъруза мазмунини тушуниб олишига кўмак бўлади.

Қуйида мазкур нутқнинг мақола муаллифи томонидан ўзбекчага таржима қилинган матнини тақдим қилмоқчиман. Ўйлайманки, бу унинг ўқувчисига фойдали бўлади. Ундан кейин эса ушбу нутқ бўйича мулоҳазаларимизни биргаликда давом эттириб, якуний хулосага ўтамиз.

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи ила. Оламларнинг Роббиси бўлмиш Аллоҳга ҳамд бўлсин, тақводорларнинг оқибатини хайрли қилсин, Аллоҳ яратганлари ичида энг яхши зот бўлмиш Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам, у кишининг оилалари ва саҳобаларига саловат ва саломлар бўлсин. Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Йиғилишимиз аввалида форумимиз раҳбари жаноб Равил Гайнуддин, бугунги йиғилиш мавзуси «Аср таҳдидлари қаршисида мусулмонларнинг масъулиятлари баёни» эканлигини айтиб ўтдилар. Шуни айтиш лозимки, соф ислом дини одамларга ҳар бир нарса олдида ўз масъулиятларини баён қилиш учун нозил қилинган. Мусулмон одамнинг Олий Роббиси олдидаги масъулиятларини тушунтириш учун, пайғамбари Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам олдидаги масъулиятини, Қуръони Карим, дини, халқи ва жамияти олдидаги масъулиятларини баён қилиш учун нозил қилинган. Ҳар бир мусулмон киши зиммасида ҳақиқий муслим бўлиши ва дунёю охират саодатига эришиши учун адо этиши лозим бўлган улкан масъулият бор. Биз бу масъулиятларни тушуниб олишимиз, бунинг учун эса, ҳар бир мусулмон ўз динини етарли даражада ўрганиши лобуддир. Хусусан, мусулмон одам қандай яшаши лозимлигини, Роббисига қандай ибодат қилишни, мусулмон бўлган ва мусулмон бўлмаган ака-укалари билан қандай муомалада бўлишини ва бошқа кўплаб нарсаларни билиб олиши керак.

Аср таҳдидлари жуда кўпдир ва бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бири бу терроризм ва экстремизмдир. Шу сабабдан, ҳар бир мусулмон терроризм ва экстремизмга қарши ўз мавқейини англаб олиши лозим. Бу жуда муҳимдир.

Терроризм ва экстремизмнинг на дини, на миллати, на ватани бор дейишади. Рост, биз мусулмонларда, насронийларда, яҳудийларда ва бошқа динларда, ҳатто, ҳеч бир динга эътиқод қилмайдиганларда ҳам терроризм ва экстремизм тушунчалари мавжуд. Лекин минг афсуслар бўлсинки, бугунда терроризм ва экстремизм сўзлари мусулмонлар орасида кенг тарқалди. Яъни бу тушунчалар мусулмонларга нисбатан қўлланила бошланди. Шунинг учун биз мусулмонлар бу каби муаммолар олдида ўз масъулиятимизни англашимиз ва бу масалани ечишда ўзаро ҳамкорлик қилишимиз зарур.

Қуйида менга тақдим қилинган бу бир неча дақиқа давомида камтарона тажрибамиздан келиб чиққан ҳолда сизлар билан фикр алмашмоқчиман.

Бизга яхши маълумки, Совет иттифоқи даврида коммунистик тизим динни тўлалигича ман қилди. 70-80 йил давомида ҳамма нарсани йўқ қилдилар. Хусусан, биз мусулмонларда ва мусулмон бўлмаганларда ҳам. Китобларимизни ёқишди, масжид ва мадрасаларимизни вайрон қилдилар, диний таълимни тамом ила тақиқладилар. Совет иттифоқида мусулмонлар диний таълим олишлари мумкин бўлган фақатгина иккита муассаса бор эди. Бири Бухорода, иккинчиси Тошкентда. Бухорода 40 та ўқувчи, Тошкентда 50 та. Бу кўрсаткич бутун иттифоқ бўйича.

Совет иттифоқи ва коммунизм парчалангач, мамлакатлар мустақилликка эришдилар ва одамлар ўз динларини ўрганишни бошладилар ва уларда катта иштиёқ пайдо бўлди. Лекин уларга динни ўргатадиган одамнинг ўзи йўқ эди. Ўшанда юртимизга хориждан ўзларининг турли фикр ва бизга ёт ғоялари билан бегона шахслар кела бошладилар. Бунинг натижасида, мамлакатда терроризм, экстремизм, такфир, тафжир уруғлари уна бошлади.

Ўзбекистон пойтахти – Тошкентда портлашлар содир бўлиб, ҳукуматга қарши қуролланиб олганларида мен мамлакат ташқарисида эдим. Уламолар вазиятни тушунтирдилар, улар билан маслаҳатлашганимизда улар вазият жуда хатарли эканлиги ва керакли чора-тадбирлар кўриш кераклигини айтдилар. Қайтиб биринчи қилган ишим мусулмонлар ўртасидаги ихтилофлар ҳақида китоб таълиф қилиш бўлди. Унда биз ихтилофлар ва уларнинг сабабларини баён қилдик. Бу ишларга киришишимиз билан одамлар тушуна бошладилар. Ҳатто, баъзи одамлар ёнимга келиб: «Эй шайх, бу китобни ўн йил олдин ёзганингизда жуда яхши бўларди», ‒ дедилар ва шунга ўхшаш гаплар билан мурожаат қила бошладилар.

Сўнг одамларга уларни бир сафга жамлаш учун, Аҳли сунна вал жамоа – Ҳанафий фиқҳий мазҳаби асосида соф ислом динини таълим бера бошладик. Аллоҳга шукурки, уринишларимиз муваффақиятли бўлди.

Кунлардан бир кун, уйимга Ички ишлар вазирлигининг терроризмга масъул катта ходимларидан бири ташриф буюрди ва у: “Уйингизга бир илтимос билан келдим. Сиздан “Хизбут таҳрир” ҳақида китоб ёзишингизни истардим, чунки бу хизбутга жуда кўплаб ёшлар кириб кетмоқдалар ва мен бир неча йиллардан бери уларни қамоққа оламан. Ҳаммаси 17, 18 ва 19 ёшли йигитлар. Биз эса уларни ушлаймиз ва ҳибсга оламиз. Лекин мен буни хоҳламайман. Улар чин мусулмон бўлиб, озод яшашлари керак, лекин ҳолат бундоқ. Шунинг учун менга ёрдам беришингизни сўрайман”, ‒ деди ва менга:  «Менга ушбу китобни қачон тугатишингиз ҳақида аниқ муддат айтмагунингизча уйингиздан ҳеч қаерга кетмайман», ‒ деб айтди. Мен унинг бу илтимосига жавоб беришни истадим, Аллоҳга шукур, шундан сўнг, «Дин – насиҳатдир» номли китобимни ёздим. Китобда бир марта ҳам ҳақорат сўз ишлатмадик, ҳеч кимни кофирга чиқармадик ва ҳеч кимни фосиқликда ҳам айбламадик, балки ҳаммамиз биродармиз дедик. Баъзилар буни тўғри тушунишди, бошқа бировлар эса тушунишмади.

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бу китоблар, маърузалар фойда берди. Ҳатто, бу китоблар қамоқхоналарда ўқила бошланди. Ораларида хатоларини тушуниб, ҳукуматга айбини тан олиб, узр сўраб, кейинчалик озод қилинганлари ҳам бўлди. Аксарияти озодликка чиқарилишлари биланоқ ўз уйларига боришдан аввал мени уйимга келиб, миннатдорчилик билдириб кетдилар. Баъзи милиция ходимлари қўлга олинган ҳалиги ёш йигитларни сўроқ қилишдан олдин уларга бу китобни бериб: «Китобни ўқиб чиқ, агар ўқиб бўлиб бирор мулоҳазага келсанг, сени эшитишга тайёрмиз», ‒ дердилар. Улар эса китобни ўқиб, афв сўраб терроризм ва экстремизмни тарк этардилар.

Шу зайлда халқнинг исломий маданият даражасини ошириш ҳақида бош қотирдик. Чунки ислом кутубхонасининг ўзи мавжуд эмас эди. Ҳеч нима, ҳеч қанақа китоб қолмаганди, сўнг ҳарф ўзгартирилиб, араб ҳарфларидан ҳам айрилдик, бирор бир китоб йўқ эди. Шу сабабдан, ислом кутубхонасини жорий ҳарфлар билан тўлиқлигича тиклашга ҳаракат қилдик. Аллоҳга шукурки, бугун биз шунақа босқичга етиб келдикки, энди бизда исломий илмларнинг ҳар бир йўналишига оид камида битта ёки иккита китоб бор. Одамлар ўша китобларни ўқишяпти ва бу уларга фойда беряпти. Шунингдек, бу борада ваъз ва иршод усулларини қўлладик. Имконимиз қадар интернетдан ва аудио қўлланмалардан максимал даражада фойдаландик. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бугун Ўзбекистонда бу каби муаммолар йўқ. Қўшни давлатлар бўлмиш Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистонда ҳам китобларимиздан фойдаланишяпти ва уларда ҳам аҳвол яхшиланди.

Сўнг ҳузуримга бир неча асли ўзбек, аммо Россияда ишлайдиган ҳамюртларимиз келиб: «Эй шайх китобларингизни рус тилига ўгириш керак, деб ўйлаймиз, чунки рус тили дунё тили, бу тильда жуда кўп одам ўқийди ва биз бу ерда сизни китобларингизга ўхшаб, муаммоларни ҳал қилишга қаратилган китобларни кўрмаяпмиз», ‒ дедилар. Аллоҳга шукур, бу ерда ҳам нашриёт уйимизни ташкил қилиб, баъзи китобларни таржима қилдик, хусусан, бу ишларда шайх Равил Гайнуддиннинг ёрдамлари катта бўлди ва бу борада ҳали биргаликда ҳамкорлик қилиш тарафдоримиз. Иншааллоҳ, келажакда ҳам ижтиҳодларимиз давомли бўлишини ва Аллоҳ олдида, динимиз олдида, мусулмонлар ва дунё ҳамжамияти олдида ўз масъулиятларимизни ҳис қилишни истаймиз. Натижада, ҳар бир мусулмон ўз динини тўғри англаган ҳолда, етарли даражада билиб олсин. Агар мусулмон одам ҳақиқий мусулмон бўлса, бу аввало, унинг ўзи учун, оиласи учун, жамияти учун ва бутун олам учун яхшиликдир. Агар мусулмон одам ўз динини яхши билмаса ва унда хато тушунча бўлса, бу унинг ўзи учун, оиласи учун, жамияти учун ва бутун олам учун ёмонликдир. Бу масъулиятни биз мусулмонлар яхшилаб тушуниб олишимиз, исломий маданият даражамизни оширишга интилишимиз ва бизлардан ҳар биримиз, ёшлар ва бошқалар ўз динимизни етарли даражада ўрганган ҳолда, ҳақиқий мусулмон бўлиб, барча билан ўзаро муҳаббат, садоқат ва ҳамкорликда яшашимиз зарур.

Ишонаманки, бу форум фикрларимизни жамлаш, ўзаро мулоҳазаларимиз билан алмашиш ва келажакда истиқболли режаларимизни режалаштириш учун жуда янги босқич ҳисобланади. Шу муносабат билан, шуни айтмоқчиманки, бугун ўзининг ўнинчи қурултойи фаолиятини бошлаган ушбу форум бу борада жуда кўп ишлар қилди. Фурсатдан фойдаланиб, мен клубнинг доимий фаолият юритиб турувчи қўмитасини ташкил қилишни таклиф қилмоқчиман. Бир йилда бир марта ўтказиладиган анжуман йиғилади ва тарқалади, лекин биз таклиф қилаётган қўмита доимий фаолият юритади ва форумнинг қабул қилган қарорларини жамиятда қандай татбиқ қилинаётгани хусусида иш олиб боради. Бу орада форум аъзолари ўртасида алоқалар давом этади, ўзаро нима ишлар қилингани ва янги таклифлар ҳақида муҳокама қилиш учун ажойиб имконият пайдо бўлади. Ўйлайманки, бу иш барчамиз учун фойдали бўлади: биз мусулмонлар ва мусулмон бўлмаганлар учун ҳам.

Охирги дуойимиз эса: “Ҳамд оламларнинг Робби Аллоҳга”, ‒ демоқдир. Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Ислом ўзи нима ва унинг нозил бўлишидан мурод қанақа? Айни шу саволларга жавоб билан юқорида танишиб чиққан маърузамиз бошланади. Бу ҳар бир муслим ва муслима англаб етиши лозим бўлган масаладир. Зеро, моҳияти англанмаган фаолиятнинг жоҳилиятга айланиб кетмаслиги ҳам кафолатланмаган. Шундай экан, ҳар қандай ишга унинг моҳиятини билган ҳолда киришишимиз, унда самарали бардавом бўлишимизга асос бўла олади. Масалан, узоқ сафарга чиқишга отландингиз. Сафардан олдин унга яхшилаб тараддуд кўрасиз, ташриф буюрмоқчи бўлган манзилингиз ҳақида маълумот оласиз, уни ўрганасиз, сафар учун керакли буюмларингизни ўзингиз билан оласиз. Акс ҳолда, сафар давомида муаммоларга дуч келишингиз муқаррар. Ана шундай муаммоларга йўлиқмаслигимиз учун биз мусулмонлар ҳам динимиз моҳиятини тушуниб олишимиз зарур. Бу нарса бизга кўп панд бергани ва панд бериб келаётганига эса ҳаммамиз гувоҳмиз. Моҳиятни билмаслик оқибатлари шунда кўринади. Юқорида келтирилган нутқда ушбу масала содда баён қилинган бўлиб, мусулмонни масъулликка чақиради. Ҳамма нарса олдида масъулликка, Роббисидан тортиб фарзанди олдидаги масъулиятгача, ўз мулкидан ўзганинг мулкигача, қўшнисидан тортиб ер юзидаги энг охирги одам олдидаги бўлган масъулиятгача назарда тутиляпти. Бунинг учун эса ҳар бир мусулмон одам ўз динини етарли даражада ўрганиб олиши лозим, деб таъкидланган маърузада.

Нутқни ўқиб шунга яна бир бор иқрор бўламизки, ҳар қандай саводсизлик, бузғунчилик ва бунинг натижасида юзага келадиган оқибатларга, умуман олганда, жаҳолатга қарши курашишнинг энг мақбул ечими бу – маърифат, илм. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам мазкур шароитда айни шу йўлдан бордилар. Илк мустақиллик йилларида мамлакатимизда вужудга келган бу вазиятда масъулиятни ўз зиммасига оладиган шахс шайх ҳазратлари бўлиб чиқдилар. Зеро, ихтилофлар авж олаётган бир пайтда «Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар» номли китобларининг омма юзини кўриши, терроризм ва экстремизмга ҳақида баён қилинган «Дин — насиҳатдир» номли китобларининг чоп этилиши ва бошқа турли амалий-маърифий ҳаракатлар ўз самарасини бермай қолмади. Бу ҳақида нутқ давомида ҳам эслаб ўтилган. Хоссатан, бу йўлда, интернет ва аудио қўлланмалардан фойдаланиш амалиёти ҳам илгари бизда бу соҳада кузатилмаган тажриба ва ёндашув бўлди. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси жамоатни бирдамликка ва ўзаро тотувликка чақирувчи даъват эди. Амалга оширилган ишлар самараси ўлароқ, мамлакатда диний аҳвол анча яхшиланди, ихтилофларга чек қўйилди, одамлар бир мазҳаб остига бирлаша бошладилар. Шайхнинг китоблари, ҳатто, қамоқхона камераларигача кириб борди ва бу ижобий натижа берди. Халқнинг диний саводини ошириш мақсадида китоблар ёзилди, дастурлар йўлга қўйилди ва йиллар давомида катта кўламдаги илмий-амалий ишлар бажарилди. Натижада, мамлакатда диний муҳит ўзгарди ва ушбу барча ислоҳотларнинг бошида устоз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бўлдилар. 

Кейинги йилларда бу соҳада ишлар ўз изига тушиб борди, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг юзга яқин китоблари чоп этилди. Энди бу китоблар нафақат юртимизда, балки қўшни давлатларда ҳам мутолаа қилина бошланди, хорижда нашриёт уйи барпо қилинди. Хусусан, шайхнинг асарлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг расмий тилларидан бўлмиш рус ва инглиз тилларига таржима қилинди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг Россия пойтахтида бўлиб ўтган конференциядаги ушбу нутқларидан шуни хулоса қилиш мумкинки, бу шахсни юртимиз, Марказий Осиё ва умуман, ислом олами ривожига улкан ҳисса қўшган буюк уламолардан деб айтишимиз мумкин. Энди ўз мустақиллигига эришган мамлакатда ҳосил бўлган турли диний низо ва тушунмовчиликларга барҳам беришда ва кейинчалик халқнинг исломий маданиятини ошириш йўлида ушбу олимнинг қилган ижтиҳодлари беқиёсдир.

Юқорида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг 2014 йил 10 декабрда Москвадаги «ХХИ аср таҳдидлари ва жадаллашув даврида мусулмонларнинг вазифалари» мавзусига бағишланган, Х халқаро мусулмонлар форумидаги нутқлари бўйича қисқача ўз мулоҳазаларим билан алмашдим. Бу алломанинг илмий фаолиятлари ҳақида яна кўплаб гапириш мумкин. Умид қилиманки, ушбу ишимиз ўз ўқувчисига ўз динини, бу йўлда кимлар қандай ишлар амалга оширганини, динидаги масъулиятини ва аҳамиятини ҳис қилишда ва ўрганишда туртки бўлади. Натижада, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф томонидан ўқилган бу маъруза орқали айтилмоқчи бўлган гапларни етказишда воситачи бўлиб қолсак, бошимиз осмонга етарди.

 

 

Мақола муаллифи: Шоев Акбаржон Салим ўғли

Шарқ фалсафаси ва маданияти йўналиши битирувчиси