Журналист ва блогер Никита Макаренко Олмалиқ шаҳри ҳокими Усмон Раҳимов (Исмоилович)нинг ўғли Дилшод Исмоилов (Усмон ўғли) машинада йўл ҳаракати қоидаларини қасддан бузиб, бебошликлар қилаётгани тасвирланган видеони телеграмдаги саҳифасига жойлади.

Видеода ҳокимнинг ўғли ТикТок ижтимоий тармоғида видео ва суратлар қўйиб, йўл қоидаларини бузаётганини, жарималар коллекцияси билан мақтанаётганини англаш қийин эмас. Шунингдек, у отасининг хонасидаги иш столида ҳам суратга тушишга улгурган.

 

Бугун, 30 сентябрь куни ушбу видео ижтимоий тармоқларни портлатди. Тармоқларда Олмалиқ шаҳри ҳокимининг ўғли билан боғлиқ бўлган фото ва видео кенг муҳокама қилинаяпти. Ҳа, чиндан ҳам машина бошқа

рувидаги шахс Олмалиқ шаҳри ҳокимининг ўғли, суратдаги ҳам унинг ўзи.

Вазият юзасидан блогер Дилшода Аннаева ҳоким Усмон Раҳимов билан боғланди. Усмон Раҳимов ҳолат туфайли раҳбарият ва жамоатчилик олдида ниҳоятда пушаймон эканини билдирган.

Ҳокимнинг айтишича, бу ҳолат аслида бундан беш ой олдин содир бўлган, ўшандан кейин ота ва ўғил жиддий суҳбатлашиб олишган. Жарималар тўланган, қонунни бузган ўғилга чора қўлланилган.

“Юқоридагиларга қўшимча қилиб айтмоқчиманки, Усмон Раҳимов Тошкент вилояти шаҳар ва туманларининг ҳокимлари ичида оммавий ахборот воситалари, блогерлар билан очиқ ва шаффоф ишлаш бўйича энг пешқадам раҳбар. Яқинда ҳам ZOOM  платформаси орқали мулоқот қилиб, матбуот анжумани ўтказган эди. Тажрибадан маълумки, ишлаган одам, иш кетаётган ҳудуд раҳбари ОАВдан қўрқмайди, чўчимайди.

У доим ҳар бир мурожаат ва танқидий чиқишга тезкорлик билан муносабат билдиради. Аммо бу сафар баёнот бермасликка қарор қилди ва тўғри тушунишни сўради. Унинг бу жимлигида бугун падари бузруквори давлат ишида, раҳбарлик лавозимида меҳнат қилаётган ўғилларга сўзсиз бир мурожаат бор. Минг афсус, ҳақиқат шундай – фарзандлар оталар учун жавоб бермайдилар, аммо, оталар фарзандлари учун жавоб берадилар.

Яна бир гап. Ўзини аямай, оиласига вақт ажратолмай ишлайдиган инсонлар ҳамма соҳада бор. Бундай инсонларга баҳо бериш қийин. Чунки, масъулият ва ўз ишига садоқат нуқтаи назаридан шундай талабчанлик билан ишлайдилар.  Аммо, нақд гап шуки, фарзанд тарбиясига етарлича вақт ажратиш отанинг энг биринчи вазифаси – Олмалиқ шаҳри ҳокими Усмон Раҳимовнинг ҳам қалбидан айни пайтда шу фикрлар ўтаётгани аниқ…”, дея ёзади блогер.

TikTok фойдаланувчиси бўлган Дилшод Исмоилов айни пайтда саҳифасига жойлаган шундай мавзудаги видео ва расмларни ўчириб ташлаган. Ҳокимнинг ўғли масаласи юзасидан яна бир қанча маҳаллий блогерлар ҳам муносабат билдирган.

“Бугун ижтимоий тармоқларда Олмалиқ шаҳри ҳокимининг ўғли билан боғлиқ бўлган фото ва видео кенг муҳокама қилинаяпти. Ҳа, чиндан ҳам машина бошқарувидаги шахс Олмалиқ шаҳри ҳокимининг ўғли, суратдаги ҳам унинг ўзи. Кичик тузатиш: ҳокимнинг ўғли бошқарувидаги машина “Мерседес” эмас, кредитга олинган, ҳали пули тўлаб бўлинмаган “Трекер”, дейилади яна бир муносабатда.

Ҳолатга блогер Никита Макаренко эътибор қаратиб, ўзининг каналида бир нечта постлар қолдирди.

“Потенциал қотил, Дилшод исмли 01K550XA raqamli автомашина ҳайдовчиси, жарималарни йиғади ва уларни TikTok'да ғурур билан намойиш этади. Қизиқ, у кимнинг фарзанди экан-а?”, дея изоҳ қолдирди Макаренко фойдаланувчининг автомашинада соатига 150 км тезликда ҳаракатлангани акс этган видеоси остида.

Фойдаланувчи қўйган суратлардан у йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун тузилган маъмурий баённомаларни “коллекция” сифатида тўплаши ва ўз саҳифасига жойлашини хуш кўришини кўриш мумкин. Саҳифага жойланган суръатлардан бирининг остига #ҳокимият ҳештеги ёзилган.

Дилшод Исмоилов

Суратдан тезликка ишқибоз ҳайдовчи мансабдорларга хос хизмат хонасида ўтиргани кўринади.