Бугун, 30 сентябрь куни Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Бир ўйлаб кўрайлик, дунёдаги ривожланган давлатлар қандай қилиб юксак тараққиёт ва турмуш фаровонлигига эришмоқда. Энг аввало илм-фан ва таълимга қаратилган улкан эътибор туфайли эмасми, деган савол ҳаммамизни қийнаши керак. Бундан тўғри хулосалар қилсак, айтилган гапларимиз албатта амалга ошади.

Шунинг учун ҳам кейинги йилларда юртимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, янги Ўзбекистонни яратиш мақсадида барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам туб ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Бу борада ўнлаб фармон, қарор ва дастурлар қабул қилгингани сизларга яхши маълум. Мана, куни кеча тасдиқланган “Таълим тўғрисида”ги Қонун ушбу соҳа тараққиётида ҳеч шубҳасиз янги уфқларни очиб беради.

Қонунга мувофиқ, таълим олишнинг масофавий, инклюзив шакллари жорий қилинди. Таълим ташкилотларига хорижий муассасалар билан қўшма факультет ва ўқув марказлари ташкил қилишга рухсат этилди.