Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидов лавозимини тарк этди. У ўзининг Facebook'даги саҳифасида пневмония касаллигига чалингани сабабли 28 сентябрь куни истеъфо бергани ҳақида ёзган. Маълумотларга кўра, собиқ матбуот котиби коронавирусга чалинган.

“Оллоҳнинг синови экан, 17 сентябрдан буён пневмония касаллиги билан шифохонадаман. Бироз жиддийроқ келди. Ўпканинг 45 фоизи шикастланган. Шуҳрат Ғаниевни кузатиш, Хайрулло Бозоровни тайинлаш маросимида ҳам иштирок этолмадим. Врачлар яхши қарашяпти. Аммо ўзгариш жуда суст.

Ҳокимликнинг ахборот хизматини бир кун ҳам эгасиз қолдириб бўлмайди. Қолаверса, янги ҳоким иш бошлади. Шунинг учун бугун бир қарорга келдим: Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбарлигига истеъфо бердим.

Бир йил Ғаниев билан астойдил, фидойилик ва садоқат билан ишладим. Янги тизим – ахборот хизмати имижини ҳам яратдик. Мен шу давр фаолиятим билан фахрланаман. Ғаниев кучли шахс ва буни республика миқёсида қиладиган ишлари билан исботлашига аминман”, деган М.Обидов.

Эслатиб ўтамиз, Муҳаммаджон Обидов собиқ Фарғона ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг матбуот котиби бўлиб, унга садоқат билан ишлади. Яъни ОАВда Ғаниевнинг лавозимдан кетганлиги айтилсада, Обидов буни ҳар доим инкор этиб келар эди. Шу сабабдан бугунгача бир қанча ОАВ ва Муҳаммаджон Обидов ўртасида зиддият келиб чиққан.