Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ишчи ташриф билан Тожикистон Республикасида бўлиб турибди. Ҳар икки давлат делегацияси ўртасида бўлиб ўтган учрашув давомида Абдулла Арипов иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқалар борасида гапирди.

“Биздаги статистикага кўра сўнгги уч йилда ҳар икки давлат ўртасидаги савдо алоқалари икки ярим баробарга ошди. Ўзбекистоннинг Тожикистонга экспорти 2,1 баробарга ошган бўлса, Тожикистон экспорти қарийб 5 баробар ортди. Бундан келиб чиқадики, бизнинг муносабатларимиз фақат бир томонлама манфаатли ҳамкорлик эмас, балки ҳар икки томонга наф келтиради.

Жорий йилда пандемия туфайли Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар ўртасида ўзаро товар айирбошлаш пасайди, аммо фақат Тожикистон билан ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,3 фоизга ошиб, 317 миллион долларни ташкил этди. Яқин йилларда олдимизга қўйилган вазифа — ўзаро товар айланмасини 1 миллиард АҚШ долларига етказиш имкониятига эгамиз. Фурсатдан фойдаланиб, жорий йилда сув танқис бўлишига қарамасдан, қўшимча сув етказиб берганингиз учун Тожикистон томонига алоҳида миннатдорлик билдирамиз.

Мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларда хусусан, илмий марказлар ўртасида тажриба алмашиш муҳим аҳамиятга эга. Шу муносабат билан, навбатдаги ишчи гуруҳ йиғилишини Тошкентда ўтказишни таклиф қиламиз. Пандемия вақтида бир биримизни қўллаб-қувватлаганимиз ҳамкорликнинг қай даражада мустаҳкам эканини билдиради. Ўзбекистон бу ҳамкорликни давом эттиришга тайёр”, деди Абдулла Арипов.