Ўзбекистон тарихидаги 29 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
865 йил (бундан 1155 йил олдин) – тарихчи Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида қайд этилишича, ҳижрий икки юз эллик биринчи йили рамазон ойининг бошида шанба куни сомонийлар сулоласи бошлиғи Наср ибн Аҳмад ибн Асаднинг номига аббосийлар халифаси томонидан Мовароуннаҳрнинг амирлиги унга берилганлиги тўғрисида фармон келди.
1404 йил (бундан 616 йил олдин) – тарихчи олим Ҳамид Зиёевнинг испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо асарига таяниб қайд этишича, 29 сентябрда Соҳибқирон зиёфат ташкил қилиб, кўп яқин ва узоқ одамларни, элчиларни ҳузурига чақирган. Амир Темур унда Хитой билан чегарадош жойдан келган элчилар билан суҳбатлашган.
Бу элчиларнинг бошлиғи эскироқ поча-пўстин кийган, бошидаги кичкина телпакнинг боғичлари кўкрагига тушиб турган. Телпак жуда кичкина бўлиб, бошида зўрға илиниб турган. Унинг ҳамроҳлари ҳам калта пўстин кийган эди. Баъзи пўстинларнинг мўйи ич тарафига, бошқаси сиртига тикилган.
Элчилар сувсар, оқтулки ва бошқа мўйналар, лочинлардан иборат совғани келтирганлар. Клавихо элчиларни христиан динидаги кишилар деб ёзган. Улар Россия тарафдан келган элчилар бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Клавихо Соҳибқироннинг шахмат ўйнаб ўтирганлигини ҳам кўрган.
1929 йил (бундан 91 йил олдин) – Тошкент вилоятидаги Оҳангарон тумани ташкил этилди. У 1939 йилгача Қурама тумани деб номланган. Оҳангарон тумани 1957 йилда Ўрта Чирчиқ ва Тошкент туманлари таркибига қўшилган. 1971 йил 31 августда қайта ташкил этилди.
1937 йил (бундан 83 йил олдин) – Қашқадарё вилоятидаги Қамаши тумани ташкил этилди. У 1962 йил 24 декабрда Қарши туманига қўшилган. 1964 йил 31 декабрда яна қайтадан ташкил этилган.
1943 йил (бундан 77 йил олдин) – Иккинчи жаҳон урушининг 22 ёшли қатнашчиси лейтенант Абдулазиз Йўлдошев Днепр дарёсини кечиб ўтишда мислсиз жасорат кўрсатди. Тарихчи Шавкатбек Муҳаммадюнусовнинг қайд этишича, 29 сентябрь тунида у автомат ва патронларни бошига боғлаб, тишига ингичка симни тишлаб, дарёнинг кенг ва муздек сувларини кечиб нариги қирғоққа етиб олганидан кейин симни қаттиқ силкиб, алоқачи Пивоваровга рота билан дарёдан сузиб ўтишлари мумкинлиги тўғрисида ишора билдирди.
Жангчилар қайиққа тушиб бўлганларидан сўнг Пивоваров симнинг бир учини қайиққа боғлаб қўйди. Алоқачининг ишораси билан Абдуллазиз симни бир ўзи ўзига қараб тортиб, қайиқни елкансиз ва эшкаксиз бериги қирғоққа ўтишини таъминлади. Уч соат ичида ротанинг бутун таркиби душманга сездирмаган ҳолда шикастсиз дарёдан ўтиб олишади. 1943 йил 16 октябрда Абдулазиз Йўлдошевга дарёдан кечиб ўтишдаги, дарёнинг ўнг соҳилидаги плацдармни эгаллашда, уни мардонавор ҳимоя қилишда, немис-фашистларга қарши курашда қаҳрамонлик ва жасурлик намуналарини кўрсатганлиги учун Қаҳрамон унвони берилди.
1952 йил (бундан 68 йил олдин) – Наманган вилоятидаги Мингбулоқ тумани ташкил этилди. У 1994 йилгача Задарё тумани деб аталган.
2004 йил (бундан 16 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қарши шаҳрининг 2700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида таъкидланишича, ушбу шаҳар турли даврларда Боло, Нашеболо, Нахшаб, Насаф номлари билан юритилиб, XIV асрдан Қарши деб атала бошланган. “Қарши” номининг келиб чиқиши тўғрисида турли фикр ва тахминлар мавжуд. Шарқшунос олим Василий Бартольд шаҳарнинг номи мўғул хони Кепакхон қурдирган “Қарши” (қадимги туркийчада “сарой”) билан боғлиқ деб таъкидлайди.
“Қутадғу билиг” достонида “Қарши” атамаси “сарой” ва “қарама-қарши туриш” маъносида қўлланган. “Бобурнома”да ҳам бу ном мўғул тилидан олинганлиги таъкидланган. Келтирилган тахминларда атаманинг “қарши” – сарой, қаср маънолари кўпроқ қўлланади.
2010 йил (бундан 10 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу қонун 6 боб, 36 моддадан иборат.
2011 йил (бундан 9 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 8 боб, 59 моддадан иборат.
2017 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Москва ва Бутун Рус Патриархи Кириллни қабул қилди. Учрашувда экстремизм, терроризм ва радикализм каби глобал хавф-хатарларга қарши курашиш мақсадида конфессиялараро мулоқотни янада мустаҳкамлаш, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ёш авлодга таълим ва маънавий-аҳлоқий тарбия бериш масалалари муҳокама қилинди.