Москвада мактаб ўқувчилари 5 октябрдан 18 октябрга қадар икки ҳафталик кузги таътилга чиқади. Москва мэри Сергей Собянин COVID-19 билан касалланиш кўпайгани сабаб шундай қарор қабул қилган. Одатда Москва мактабларида кузги таътил бир ҳафта давом этар эди.

Санитария шифокорлари тавсиясига биноан, кузги шамоллаш касалликлари ва аниқланган ковид билан касалланишнинг ўсишини инобатга олган ҳолда мен кузги таътил давомийлигини оширишга қарор қилдим”, – дея ёзган Собянин.

Таътил вақтида масофавий дарслар бўлмайди. Қўшимча таълим муассасалари фаолиятини вақтинча тўхтатади. Боғчалар эса одатдагидек ишлайди.

28 сентябрдан Москвада 65 ёшдан катталар учун яна ўзини ўзи яккалаш режими амал қилмоқда. Москвада 287 мингдан зиёд коронавирус билан касалланиш аниқланган. 27 сентябрь куни илк бор 2 июндан буён бир суткада 2 мингдан зиёд касалланиш қайд этилди.