Самарқанд вилоятидаги ички ишлар идоралари томонидан тунги бар, кафе ва ресторанларда карантин қоидаларига нечоғлик риоя этилаётгани мунтазам ўрганиб борилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Жумладан, Самарқанд шаҳри бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан шаҳардаги бир қатор объектларда ўтказилган рейд тадбирлари чоғида амалдаги тартибларга зид равишда иш олиб борилаётгани маълум бўлди.
Панжоб маҳалласидаги тунги барда ўтказилган тезкор тадбирда ушбу масканда карантин қоидаларига зид равишда 29 нафар фуқарога хизмат кўрсатилаётгани аниқланди. Алишер Навоий кўчасида жойлашган тунги клубда ҳам шундай ҳолат кузатилди.
Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг ЎзАга маълум қилишича, тезкор тадбирлар давомида 48 нафар фуқаронинг шахсига аниқлик киритиш учун ички ишлар бўлимларига олиб келинган. Аниқланишича, уларнинг 5 нафари тунги клубларда раққосалик қиладиган қизлар экан.
Қонунбузилишига йўл қўйган тунги бар ва кафелар масъулларига нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.