Бухоро вилояти Бухоро туманида 29 сентябрь куни Nexia-3 автомобилининг бетон тўсиққа урилиб, ағдарилиб кетиши оқибатида ҳайдовчининг рафиқаси ва фарзанди ҳалок бўлди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 29 сентябрь куни соат 07:30 да 30 ёшли С.Ж. Nexia автомашинасида Жондор—Бухоро йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб, Бухоро тумани “Работиқалмоқ” МФЙ ҳудудидан ўтувчи 4Р-72 автомобиль йўлининг 8-километрида автомашина бошқарувини йўқотган.

Машина йўлнинг ҳаракат йўналиши бўйича ўнг томонида жойлашган бетон тўсиққа олд қисми билан урилиши оқибатида бир неча маротаба ағдарилиб кетган. Натижада автомашинада бўлган йўловчилар — ҳайдовчининг турмуш ўртоғи, 29 ёшли Б.Х. ҳамда унинг вояга етмаган фарзанди, 7 ёшли К.Т. ҳодиса жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.