Бугун, 29 сентябрь куни Душанбе шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода билан учрашди.

Дастлаб ҳукумат раҳбарлари тор доирада учрашув ўтказди. Шундан сўнг икки мамлакат ҳукуматлари вакиллари иштирокида кенгайтирилган таркибда музокаралар давом эттирилди. Унда Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича эришилган келишувларнинг ижроси кўриб чиқилди.

Ўзаро савдо ҳажми сўнгги уч йилда 2,4 баробардан ошди. Пандемияга қарамай ўзаро товар айланма ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,3 фоизга ортиб, 317 миллион долларни ташкил этди.

“Ўзаро савдо айланмаси мамлакатларимиз салоҳиятига мос эмас. Яқин йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларгача етказишимиз керак. Бунинг учун барча имкониятларга эгамиз. Чунки, фойдаланилмаган улкан захиралар мавжуд, деди Абдулла Арипов.

Учрашув якунлари бўйича Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 7-йиғилиши баёни имзоланди.