Инсон, аввало, маънавияти, покдомонлиги, озодалиги, орасталиги билан бошқа мавжудотлардан ажралиб туради. Маънавият, поклик ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Гап унинг моҳиятини чуқур англашдадир. Юксак маънавий фазилатлар инсонга ҳаётида барқарорлик, мазмун бағишлайди. Бундай фазилатлар орасида, айниқса, ҳалоллик ва поклик инсон ҳаётида, камолотида ниҳоятда катта аҳамиятга эга.

Қаерда ҳалоллик ва поклик устувор бўлса, ўша жойга қут-барака ёғилади, кутилган натижалар ҳам осонлик билан қўлга киритилаверади. Бунинг акси ўлароқ, ҳаром-хариш аралашган жойдан барака кўтарилади.

Ислом дини инсонни руҳий-маънавий ҳамда жисмоний покликка чақиради. Динимиз поклик асосига қурилган. Шу сабаб ҳам мўмин-мусулмон ҳар бир ишни покланишдан бошлайди.

Ҳадиси шарифларда Пайғамбар алайҳиссалом: «Тишларингизни мисвок билан тозалаб юринглар ва тозаликка одат қилинглар»«Агар умматимга машаққат бўлмаганида эди, ҳар намоздан олдин мисвок қилишга (яъни, тиш тозалашга) буюрар эдим», деб таълим берганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу кўрсатмалари бежиз эмас. Мисвок таркиби текшириб кўрилганда, унда кўплаб фойдали ва хушбўй моддалар борлиги аниқланди. Ваҳоланки, ҳозирги замонавий тиш чўткалари Ғарбда 1806 йилдан урфга кирган.

Мусулмонлар кунига бир неча марта ювиниб, тозаланадилар. Ҳафтасига албатта ҳаммомда ёки уйларида ғусл қиладилар. Кийимларини, ҳовли-жойларини, ибодат ўринларини тоза тутадилар. Чунки бу – Исломнинг талаби. Ислом эса тозалик дини, назофат дини, покизалик эса диннинг ярмидир.

Динимизнинг ана шу таълимотлари асрлар давомида халқимизнинг қадриятларига айланиб кетган. Шу боис ота-она, бобо-бувиларимиз бот-бот: «Чиқиндини ариққа супурма, сувга тупурма, ҳовли ва кўчаларга ахлат ташлама», деб тайинлайдилар.

Ойша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Пок бўлинглар, зеро Ислом пок диндир ва фақат пок кишилар жаннатга кирур”.

Ислом дини барчамизга яшаётган жойларимизнинг тоза, озода бўлиши, ичимлик сувимизнинг беғубор, ўзимизнинг эса покиза юришимизга буюради. Асрлар бўйлаб мусулмонлар ариқ, дарё ва денгиз сувларини покиза сақлашни ўзларининг бурчлари деб билиб келганлар. Қуръони каримда денгиз, дарё ва ариқларни ифлослантирмасликка буюрилган. Акс ҳолда балиқлар ҳам ноз-неъмат ўрнига заҳарли моддаларга айланишини унутмайлик.

Аллоҳ таоло муборак каломи шарифида бандаларига: «У сизлар учун Ерни “пойандоз”, осмонни “бино” қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, у сабабли сизларга ризқ сифатида мевалар (мевали дарахтлар)ни ундирди…» (Бақара сураси, 22-оят).

Афсуски, орамизда айрим кимсалар борки, инсонларга енгиллик яратиш у ёқда турсин, ўзи юрадиган, ишлайдиган, борингки, ўзи яшаб турган жойларни ҳам ифлослантириб, йўлларга, ариқларга, сув ўзанларига ахлат ташлайдилар, қилган ишларининг ёмонлигини билсалар ҳам одамлар нафратига сабаб ишларга қўл урадилар.

Ҳадиси шарифда: «Уйларингизда ахлат-чиқиндиларни қолдирманг, чунки ахлат-чиқиндилар жину шайтонларнинг хуш кўриб ўтирадиган жойларидир», дейилади. Чиндан ҳам, йўлларни ифлослантирган кишига нафақат одамларнинг норозилигидан, балки жин ва шайтонларнинг ҳам ёмонлигидан азият етиши шубҳасиз.

Бир саҳобий Расулуллоҳ ҳузурларига келиб шундай дебди: «Мени жаннатга киритадиган амалга буюринг». Шунда Набий алайҳиссалом бундай жавоб берган эканлар: «Одамлар йўлидаги озор берадиган нарсани олиб ташла». Демак, тозаликка риоя қилиш, покликка ҳисса қўшишимиз жаннатга элтар экан.

Муҳтарам Юртбошимиз коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида: «…бизда ҳам азал-азалдан мавжуд – қўлини кўксига қўйиб саломлашиш, уйга меҳмон келганда қўлга сув қуйиш, жамоат жойларида масофани ушлаш, мева-сабзавотларни кўп истеъмол қилиш каби урфларимизни янада мустаҳкамлашни тақозо этади», деб таъкидладилар.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг ушбу сўзлари ҳам динимиз таълимотига ҳамоҳангдир. Чунончи, ҳадиси шарифда: «Йўлда ётган шохни олиб ташлаган одамдан Аллоҳ хушнуд бўлиб, гуноҳларини афв этади», дейилган.

«Кимки тозалик ва покизаликка ўз ихтиёри билан берилиб, уни тутишга қодир бўлолса, у маъмурчиликка эришади. Кимда ким тозаликка эришолмаган бўлса – фақирликда умр кечиради». Абу Райҳон Беруний бобомизнинг ушбу сўзлари ҳам бугун учун ўта долзарбдир.

Абдуқаҳҳор ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари