Ўзбекистонда 5-6 минг атамани ўз ичига олган янги луғат нашр этилади. Бу ҳақда 2020 йил 15 сентябрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти катта илмий ходими Шуҳрат Кўчимов маълумот берди.

Маълум қилинишича, яқин кунларда «Ижтимоий-сиёсий терминлар луғати» нашр этилиши режалаштириляпти. Ушбу луғат 5000-6000 атрофидаги атамани ўз ичига олади.

«Бугунги кунда ижтимоий-сиёсий соҳада терминларни тартибга солишда муаммолар бор. Терминларни баъзи нашрлар, баъзи бир фуқаролар ўз билганларича ишлатишяпти. Чет тилидан кириб келадиган терминларни 100 фоиз қабул қилиш яхши оқибатга олиб келмайди. Бироқ баъзан ўзбек тилида бор сўзларни ҳам ишлатмаётганга ўхшаяпмиз. Бундай ҳолатларда олимларнинг вазифаси – илмий тавсиялар ишлаб чиқиш, терминларни қабул қилиш принципларини кўрсатиб беришдир. Жамиятда бу терминларни ишлатаётганда ҳар бир шахс, ҳар бир мутахассис масъул ҳисобланади», – деди Шуҳрат Кўчимов.

Шунингдек, институт олимлари «Юридик терминлар луғати» устида ҳам иш олиб бормоқда. Яқин орада ушбу луғатни ҳам нашр этиш режалаштирилган.