Қашқадарё вилоятида Чироқчи туманида ИИБ ходимлари томонидан калтакланиши оқибатида вафот этган фуқаронинг турмуш ўртоғи судланувчиларни кечириб, суд залидан озод қилишни сўради. Бу ҳақда суд мажлисида қатнашган “Daryo” мухбири маълум қилди.

16 сентябрь куни бўлиб ўтган суд мажлисида, марҳумнинг турмуш ўртоғи Гўзал Абдиева сўзга чиққан.

“Мен фақат буларнинг болаларини ўйлайман. Буларнинг ҳам аёллари бордир. Шуларни ўйлайман. Саккиз ой давомида зор қақшаб йиғладим. Ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Лекин бу кунларни душманимга ҳам раво кўрмайман. Кўзим олдида фақат буларнинг фарзандлари кўриняпти. Уларнинг дадам қачон келади, дадам қачон келади, деган гапи эшитиляпти. Менинг фарзандларим отасини йўқотди. Отасининг меҳрига зор бўлди. Лекин буларнинг фарзандлари кутиб турибди. Ҳозир бу ерда буларнинг оналарининг бағри қанчалар эзиляпти. Майли, мен Худога солдим, Худо кўрсатсин. Президентимиз қанчадан қанча инсонларни авф қиляпти. Наҳотки, мен шу икки инсонни кечирмасам”, — деди марҳумнинг турмуш ўртоғи Гўзал Абдиева.

Жабрланувчи аёл судланувчиларни 50 йилга қамасса ҳам эри тирилмаслигини, шунинг учун уларни суд залидан озод қилишни сўради.

“Қалбимда оғриқ бор. Мени шу юкдан халос қилинг ва адолатли ҳукм чиқаринг… Менинг фарзандларим етим бўлди. Энди буларнинг фарзандлари тирик етим бўлмасин. Мен қийналганим етади. Буларнинг аёллари бошига ҳам менинг куним тушишини хоҳламайман — бу иккаласини ҳам озод қилишингизни сўрайман. Майли, буларни чиқаринг, виждони қийналсин. Буларни чиқармасангиз, мен елкамда оғир юкни кўтариб яшаётгандек ҳис қиляпман ўзимни”, — дейди у.

Эслатиб ўтамиз, январь ойида Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг Лангар қишлоғида яшовчи фуқаро Ю. А. чорва моллари ўғирлигида гумон қилиниб, туман ИИБ ходимлари томонидан қаттиқ калтакланиши оқибатида вафот этган эди. Ҳолат бўйича ўша пайтдаёқ жиноят иши қўзғатилган, бир қатор ИИБ ходимларининг ҳибсга олинишидан ташқари туман ва вилоят ИИБдаги қатор масъул ходимлар ҳам ишдан олинган.