Коронавирус тарқалиши назорат остидан чиқиб кетмоқда, дея БМТ бош котиби Антониу Гутерреш матбуот анжуманида эълон қилди.

«COVID-19 пандемияси — шундай инқирозки, ҳаётимиздаги инқирозлардан бирортасига ҳам ўхшамайди. Шу тариқа Бош Ассамблеянинг бу йилги сессияси ҳам бошқа бирортасига ўхшамайди», — деди Антониу Гутерреш.

Таъкидланишича, яқинда коронавирус туфайли вафот этганлар сони 1 миллиондан ошади.

«Устига-устак, вирус тарқалиши назорат остидан чиқмоқда. Вирус — замонавий дунёдаги глобал хавфсизлик учун биринчи рақамли таҳдид», — дея эълон қилди бош котиб.

Таъкидланишича, COVID-19 вакцинаси пандемия туфайли келиб чиққан инқирозни ҳал қилолмайди. Кўпчилик вакцинадан умид қиляпти. Бироқ пандемиянинг давоси йўқ.

«Биргина вакцина бу инқирозни ҳал қилолмайди. Ҳар ҳолда яқин келажакда ҳал қилолмаслиги аниқ», — деди Гутерреш.

У даволашда ёрдам берадиган, инфекция тарқалишига қарши курашадиган, ҳаётий муҳим муолажалар билан таъминлайдиган, айниқса, кейинги 12 ой давомида инсонлар ҳаётини сақлаб қоладиган янги ва мавжуд воситалардан фойдаланишни янада кенгайтиришга чақирган.

«Бироқ… вакцинага глобал ижтимоий манфаат сифатида қараш керак, негаки COVID-19 чегара билмайди. Бизга одамлар учун ҳаммабоп ва ҳамёнбоп вакцина керак», — деди бош котиб.

Эслатиб ўтамиз жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 март куни янги COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишини пандемия дея эълон қилди.