Россия Федерациясидан Ўзбекистонга келган 40 нафарга яқин тиббиёт ходимларидан иборат гуруҳ ўз миссиясини якунлади. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Улар кетишидан аввал биз делегация раҳбари – Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Н.И.Пирогов номидаги миллий тиббий хирургия марказининг анестезиология ва реанимация кафедраси бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Россия Федерациясининг хизмат кўрсатган шифокори Михаил Замятин билан суҳбатлашди.

Aввал хабар берганимиздек, “COVID-19”га қарши курашда ёрдам бериш учун бир ой олдин мамлакатимизга келган Россия Федерациясининг 40 нафарга яқин тиббиёт ходимларидан иборат гуруҳ ўз миссиясини якунлади.

Улар кетишидан аввал биз делегация раҳбари – Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Н.И.Пирогов номидаги миллий тиббий хирургия марказининг анестезиология ва реанимация кафедраси бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Россия Федерациясининг хизмат кўрсатган шифокори Михаил Замятин билан суҳбатлашдик.

– Делегациянгиз бир ой давомида мамлакатимизда бўлиб, деярли барча ҳудудларда бўлди. Сизнингча, бизнинг шифокорларимизга қандай ёрдам бера олдингиз?

– Биз коронавирус инфекциясига қарши курашда шифокорларга назарий ва амалий ёрдам бериш учун келдик. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз ва бу ерга ёрдам бериш учун келган бошқа мамлакатларнинг мутахассислари билан елкама-елка ишлаб, интенсив терапия, реанимация бўлимлари, қизил зонада беморларни бевосита кўрикдан ўтказдик ва уларни даволаш бўйича тавсияларимиз билан бўлишдик.

Бутун дунё ушбу вирусга биринчи марта дуч келди, шунинг учун тиббиёт ҳамжамиятини унга қарши курашда бирлаштириш, очиқ мунозаралар ва коронавирус инфекциясига қарши курашда комплекс ёндашув учун турли хил профил мутахассисларининг иштироки жуда муҳимдир. Aввало, гап “COVID-19″нинг турли шакллари билан касалланган беморларни даволашда тажриба, ишланмалар, методика ва амалиётлар алмашинуви ҳақида борди.

Дарҳақиқат, биз мамлакатингизнинг деярли барча ҳудудларида бўлдик, тажрибамиз, билимларимиз билан ўртоқлашдик, консультацияларда, консилиумларда қатнашдик. Нафақат беморларни, бевосита даволайдиган шифокорлар билан ҳам долзарб муаммоларни муҳокама қилдик. Биз бирламчи тиббий ёрдам кўрсатишда, қабул бўлимларида, эпидемияга қарши тадбирларни ташкил қилиш ва тиббиёт ходимларини ҳимоя қилишда мавжуд бўлган масалаларни муҳокама қилдик. Яъни, коронавирус инфекциясига чалинган беморларга ёрдам кўрсатиш йўлида жуда қийин ва жиддий вазифалар билан боғлиқ бўлган барча мавзулар бўйича ҳамкорлик олиб бордик.

– Биламизки, беморларни даволашда бевосита иштирок этишдан ташқари, гуруҳ аъзолари билан видеоконференциялар ҳам ташкил қилинган.

– Дарҳақиқат, биз видеоконференцияларда ҳам қатнашдик. Бу орқали биз ўз тажрибамизни кенг аудиторияга етказиш имкониятига эга бўлдик. Шунингдек, бизнинг мутахассисларимиз даволаш бўйича ҳужжатлар, йўриқномаларни тайёрлаш ва такомиллаштиришда фаол иштирок этишди.Бир сўз билан айтганда, биз ўз вазифамизни виждонан бажаришга ҳаракат қилдик.

– Бу ерда бир ой ишлаганингиздан сўнг, «COVID-19»га қарши кураш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган ишларни қандай баҳолайсиз?

– Шуни таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон коронавирус пандемиясига яхши тайёргарлик кўрган, тез ва малакали карантин чораларини ишлаб чиқилган, шунингдек беморларга ёрдам бериш учун зарур инфратузилма яратилган. Буларнинг барчаси мамлакатда вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам бермоқда.

Масалан, Тошкентда қисқа муддат ичида улкан бино – Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси барпо этилган, у эпидемиологик хавфсизлик ва беморларга тиббий ёрдам кўрсатишнинг барча талабларига жавоб беради. Ушбу иншоотнинг фаолияти туфайли мамлакат коронавирус инфекцияси хавфини камайтиришга муваффақ бўлмоқда. Мамлакат коронавирус инфекциясига қарши курашда турли тажрибага эга бўлган қатор мамлакатлар мутахассислари учун очиқлиги ҳам аҳамиятга молик.

Бутун дунёда беморларни даволаш маълум протоколлар асосида амалга оширилади, унда беморни касалхонага ётқизиш пайтида айрим текширув турлари, даволанишнинг барча кунлари давомида беморни парвариш қилиш тартиблари ва терапия усуллари мавжуд. Ушбу даволаш усулларининг барчаси Ўзбекистон шифокорлари фойдаланадиган протоколларда акс этган.

Aммо кимнингдир ҳамроҳ касалликлари бўлиши мумкин, кимдир шифохонага оғирроқ ҳолатда келиб тушади, кимдир касалликни енгил шаклда бошдан ўтказади. Ушбу жиҳатлар турли йўналишга оид ва турли тажрибага эга мутахассисларнинг иштирокида жиддий таҳлил ўтказишни талаб қилади. Шунинг учун, бу ерда биз шифокорлар билмаган нарсаларни айтиб бердик дейишимиз хато, балки шунчаки ўз тажрибамиз билан ўртоқлашдик, муаммоларни биргаликда муҳокама қилдик ва барча муҳим соҳаларда мунозаралар ўтказдик.

    – Миссия якунида сизга «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг фахрий профессори унвони топширилди...

– Менга меҳнатни баҳолашнинг бундай муносабатидан жуда таъсирландим. Буни бутун гуруҳимизнинг иши учун миннатдорчилик деб қабул қилдим.

Сафаримиз из қолдирмасдан қолмади. Бу ерда бебаҳо тажриба орттирдик деб ҳисоблайман. Нафақат беморларни даволаш тажрибаси, балки одамлар, бошқа мамлакат вакиллари, ҳамкасбларимиз билан мулоқот қилиш тажрибасини ҳам орттирдик. Ўз соҳамиз бўйича кўплаб дўстлар орттирдик. Келажакда тиббиётни ривожлантириш йўлида ҳамкорликни давом эттирамиз.

Бу ерда эканлигимизнинг  яна бир муваффақияти тўғрисида айтмасам бўлмайди. Aлбатта, биз кўп вақтимизни ишда ўтказдик. Шунга қарамай, ушбу ажойиб замин билан танишиш, қадимий  жойларни кўриш имкониятига ҳам эга бўлдик. Ушбу таассуротлар ва хотиралар узоқ вақт сақланиб қолади. Кўпчилик навбатдаги делегация таркибида Ўзбекистонга қайтиш истагини билдиргани бежиз эмас.

Умид қиламанки, биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан яна кўп янги учрашувлар ўтказамиз, хотиржамроқ даврда бу ерга сайёҳ сифатида қайтиб келамиз. Ҳозирги мураккаб вақтда эса ҳамкорликни давом эттирамиз, ҳамкасбларимизга ҳар доим ёрдам беришга тайёрмиз.