Хонанда Воҳиджон Исоқов карантин қоидаларини бузиб, тўй қилгани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жаримага тортилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 32 ёшли хонанда Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида амалдаги санитария-эпидемиология талабларини бузган ҳолда тўй ўтказган. Ушбу тўйнинг фото ва видео материаллари ижтимой тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган.

Тошкент шаҳар ИИББ ушбу воқеага муносабат билдириб, коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ юқори хавф шароитида бундай ишларга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаган. Шунингдек, хонандага Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш)га кўра, БҲМнинг 5 баравари миқдорида жарима белгиланганлигини маълум қилган.