Венесуэла ҳарбийлари гиёҳванд моддалар савдогарларига тегишли эканлиги тахмин қилинаётган АҚШ рўйхат рақами бўлган кичик самолётни уриб туширди. Бу ҳақда сешанба куни Мудофаа вазири Владимир Падрино Лопез твиттерда маълум қилди.

“Венесуэла қуролли кучлари аъзолари, ҳаво ҳужумидан мудофаа қўмондонлиги радарининг ёрдами билан ноқонуний самолётни аниқлаган ҳолда, қонун билан белгиланган протоколларни тузишди”, – деб ёзган у.

Вазирнинг сўзларига кўра, гиёҳванд моддалар контрабандаси учун фойдаланилган АҚШнинг рўйхат рақами бўлган самолёт Зулия штати ҳудудида Венесуэла ҳаво ҳудудига ноқонуний равишда кириб келган.

2013 йилда Венесуэлада мамлакат бўйлаб учиб юрган гиёҳванд моддалар савдогарлари самолётларини уриб туширишга рухсат берувчи қонун кучга кирди.