Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг акаси Авазбек Мадаминович Ғаниев 15 сентябрь куни вафот этди.

Бу ҳақда, Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидов “Facebook”да маълум қилди.

Марғилон шахар тиббиёт бирлашмаси рахбари Авазбек Ғаниев қон босими кескин кўтарилиб кетиши ва мияга қуйилиши ташхиси билан оламдан ўтди.

У отаси Мадаминжон Ғаниевга жуда жуда ўхшайди дейишар эди. Яқинлари, дўстлари, хамкасблари у бирон бор бўлсада овозини кўтариб гапирганини эсламайдилар. Хамиша одамларга қўлидан келганича ёрдам қилган. Барча фарзандларини халол, меҳнатсевар ва билимли қилиб тарбиялаган.

Мен етмишинчи йилларнинг охирларида Мадаминжон Ғаниев Ленин ордени билан мукофотлангани хақида кўрсатув қилгани уларнинг хонадонида бўлган эдим. Бутун умр бўйи шифохонада жаррох бўлиб ишлаган Мадаминжон акага Ленин ордени берилиши мамлакат миқёсидаги воқеа эди. У инсон хам ўта маданиятли, хушмуомала ва касбининг мохир эгаси бўлган. Авазбек Ғаниев ўшанда 10-12 ёшли бола эди. Хеч эсимдан чиқмайди, катта бўлсангиз ким бўлмоқчисиз деб сўраганимда дадам каби шифокор бўламан деган эди. Дархақиқат шундай бўлди. Бугун хар бир марғилонлик, фарғоналик катта қалб эгаси ва иқтидорли шифокорни мехр билан эслайди.

Охирати обод бўлсин. Мархумнинг яқинларига сабру-жамил тилаймиз”, деб ёзади Обидов.