Самарқанд шаҳар ЙҲХБ ходимлари томонидан 13 сентябрь куни рейд тадбирлари ўтказилди. Унда бир қанча ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқ ва маст ҳолда автомобиль бошқарган ҳайдовчилар аниқланди, дея хабар берди ЙҲХББ.

Рейд давомида спиртли ичимлик ичганликда гумон қилинган ҳайдовчилар тиббий кўрикдан ўтказилганда ҳақиқатан улар маст экани аниқланган.

Нима учун спиртли ичимлик ичдингиз, деган саволга ҳайдовчилардан бири хато қилганини айтиб, узр сўраган.

«Кўп ичганим йўқ. 50 грамм ароқ ичдим коронавирусга қарши. Мен ёмон иш қилганим йўқ», – дейди яна бир ҳайдовчи.

Маст ҳолда экани аниқланган ҳайдовчилар қонунда белгиланган тартибда жазога тортилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2020 йил январь ойидан август ойигача 3 596 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Шундан 2,4 фоиз ЙТҲ маст ҳолда автотранспортни бошқариш туфайли содир бўлган.