Ўзбекистонда ҳар 5 йилда ишлаб чиқарилаётган автомобиль турларини янгиланиши мумкин. Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикасида иқтисодий ўсишни тиклаш ва тизимли таркибий ўзгаришларни давом эттириш бўйича 2020—2021 йиллардаги амалий ҳаракатлар режаси”да белгиланган, дея ёзади Дарё.

Айтилишича, машинасозлик соҳасида халқаро консалтинг компанияларни жалб қилган ҳолда, автомобилсозлик саноатини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш мўлжалланган.

Автомобильсозлик саноатида жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчилари (Япония ва Жанубий Корея) тажрибаларидан келиб чиқиб, ҳар 5 йилда ишлаб чиқарилаётган автомобиль турларини янгилаш кўзда тутиляпти.

Бундан ташқари, автомобилсозлик саноатида маҳаллий саноат корхоналари томонидан ишлатиладиган хом ашёлар асосий турларини маҳаллийлаштириш (пўлат, ясси шиша, каучук) ҳамда автомобилсозлик саноатида юқори технологик эҳтиёт қисмларини (шасси, трансмиссия, рул бошқаруви) маҳаллийлаштиришни асосий йўналиш этиб белгилаш режалаштирилган.

Шунингдек, технологик ускуналарни (штамплаш, пайвандлаш, бўяш ва йиғиш линиялари технологиялари) ишлаб чиқиш ва ривожлантириш, соҳанинг муҳандислик салоҳиятини ривожлантириш (иккиламчи бозор учун бутловчи қисм, аксессуарлар ишлаб чиқариш ва тюнинг) ҳамда миллий бренд остида стандартлаштирилган трактор моделларини оммавий ишлаб чиқариш кутиляпти.

Шу билан бирга, Корея илғор технологиялар институти, Токио илғор технологиялар институти (Япония), Наньянг технология университети (Сингапур) вакиллари билан музокаралар ўтказиш орқали давлат-хусусий шерикчилик тамойиллари асосида Тошкентда соҳани юқори малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида, электроника ва электротехника соҳасидаги мустақил ўқув юртини ташкил қилиш режалаштирилган.