Jizzakh Auto (Volkswagen Uzbekistan) компанияси VAG концерни линейкасидаги иккинчи бренд — Skoda’ни Ўзбекистон бозорига чиқармоқда.

Аввалроқ завод Volkswagen Caddy тижорий автомобилларини сотишни бошлаган эди. Skoda линейкасидаги биринчи автомобиль модели 2021 йилининг етти ўриндиқли Kodiaq кроссовери бўлади. Таъкидланишича, автоуловларга олдиндан буюртма октябрь ойида очилади ва етказиб бериш шу ойдан бошланади. Тошкентда иккита дилерлик марказининг очилиши кутилмоқда.

“Менга маълум бўлишича, машиналар нархи қўшни давлатларга ёки Россияга қараганда арзонроқ бўлади, келинг расмий маълумотни кутиб қолайлик”, дейди Малик Каримов.

Компаниянинг аниқлик киритишича, Skoda Kodiaq Россиянинг Калуга шаҳридаги “Грабсево” технопаркида жойлашган Volkswagen Group Rus заводидан етказиб берилади. Россияда автомобиль нархи комплектациясига қараб 21,5 мингдан 41,3 минг долларгача ўзгариб туради.

Президент қарорига кўра, биринчи босқичда — 2020−2021 йилларда Volkswagen ва Skoda автомобилларини тайёр ҳолда олиб кириш режалаштирилган. Фарғона, Тошкент ва Жиззахда диллерлик ва хизмат кўрсатиш тармоқлари ишга туширилади. Иккинчи босқичга кўра, 2022 йилдан бошлаб тўлиқ ишлаб чиқариш цикли ташкил қилинади ва инвестициялар ҳажми, автомобиль экспорти масалалари ҳам ҳал қилинади.