Навоий вилоят Кармана туманида жамиятдаги айрим ҳолатларга муносабат билдириб, ёзган мақоласида ўзи яшайдиган маҳалладан мисол келтирган журналист Маҳфуза Пўлатова маҳалла раиси томонидан тазйиққа учраган ва журналист қизини ҳимоя қилган ота калтаклангани тўғрисида турли хабарлар тарқалди.

Effect.uz ахборот агентлигининг Навоийдаги мухбири Акбар Камилов ушбу ҳолатни ўрганди ва барча тарафлар билан очиқ суҳбат олиб борди.

ЭФИР УЧУН ҚИЛИНАЁТГАН ЭҲСОНЛАР

Бўлажак журналист ва ҳозирда талаба Маҳфуза Пўлатованинг «Навоий зиёси» газетасида «Эфир учун қилинаётган эҳсонлар» сарлавҳаси остида танқидий мақоласи нашр этилган. Алал-оқибат Кармана тумани, «Боғишамол» маҳалла раиси Мақсуд Пардаев томонидан муаллифга таҳдид қилингани айтилган.

Суҳбат давомида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 3-босқич талабаси, ҳозирги кунда «Оила даврасида» газетасида мухбир сифатида иш олиб бораётган Маҳфуза Пўлатова бўлиб ўтган воқеаларни шундай изоҳлади: 6 август куни «Навоий Зиёси» газетасида «Эфир учун қилинаётган эҳсонлар» номли мақола чоп этилган. Ушбу мақола Кармана туман ҳокимлигида кенг муҳокамага сабаб бўлган. (маҳалла раиси бунинг учун катта эҳтимол билан танбеҳ олган).

 

ЖУРНАЛИСТ ҚИЗ ҚАНИ?

3 сентябрь куни «Боғишамол» маҳалла раиси Мақсуд Пардаев котибаси Ҳулкар Абдуалимова билан Маҳфуза Пўлатованинг яшаш хонадонига келиб, ота-онасига «Журналист қиз қани?» дея чақиришини айтган ва ушбу суҳбатда маҳалла раиси ва котибаси журналист қизга ўзи қанақа мақола ёзганини билиш-билмаслиги, нима учун маҳаллани «ёмонлаб» ёзгани, ёзишидан олдин улар билан маслаҳатлашиш кераклигини таъкидлаган.

«Боғишамол» маҳалла раиси Мақсуд Пардаев ва унинг котибаси Ҳулкар Абдуалимова

Маҳалла раиси «кимлигимни билмоқчи бўлсангиз мана қўшнингиздан сўранг» дея айтган ва Маҳфуза Пўлатованинг отаси Р.Пардаев «буни нимасини сўрайман, ахир бу қўшним сизнинг одамингиз бўлса» дея жавоб қайтарган. Жавобни эшитган маҳалла раиси бу гапларни хатолигини айтиб, кўрасиз дея чиқиб кетган.

Шу маҳаллада истиқомат қилувчи ён қўшниси Ойсара опа ушбу ҳолатга гувоҳ бўлганлигини ва маҳалла раиси ва унинг котибасига бир неча бор уларнинг бу ишлари хатолигини, бу ўсиб келаётган талаба қизга босим эканлигини таъкидлаган.

Суҳбатда яна бир қўшниси (мақоладаги онахоннинг қизи) С.Илмурадова борлигини ва маҳалла раиси унга бир неча саволлар берганидан сўнг аёл йиғлаб, юборганлигини таъкидлаб ўтди. Суҳбатлашиш жараёни якунланар экан маҳалла раиси М.Пардаев фуқаро С.Илмурадовани ўз автомашинасида уйига олиб кетган. Онахон билан уйига бориб, суҳбат қилган ва улардан тилхат ёздириб олинган.

Журналистнинг отаси Р.Пардаев ишдан ўз хонадонига қайтиб келаётган вақти қўшниси И.Ядгаров уни кутиб тургани ва унга ташланиб куракда турмас сўзлар билан ҳақорат қилган. Шундан сўнг отага ташланиб кетган, яъни «мени маҳаллани одами дебсан, сенлар ҳали ёзувчи бўлдингларми маҳаллани ёзадиган» дея дўппослай кетган. Шу вақтда қўшнисининг ўғли А.Ядгаров ҳам ушбу жанжалга бевосита аралашиб, Р.Пардаевни дўппослаб кетишади.

Ҳолатга гувоҳ бўлган ён қушни Ойсара опа ўз суҳбатида шундай дейди:

«Бир мақола кетидан ҳозирги вақтда ёш журналист таҳдидга учраган бўлса, иккинчи тарафдан унинг отаси қўшниси томонидан дўппосланди». Мана шундай ҳолатга маҳалла раиси М.Пардаев қўшниларнинг жанжаллари эскидан қолган келишмовчилиги эканлигини пеш қилиб жавоб қайтарган.

Ён қушни Ойсара опа

БОШ ПРОКУРАТУРАДАН РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Бош прокуратура «Мақолам учун маҳалла раиси таҳдид қилди, дадамни дўппослашди» сарлавҳали хабари Кармана тумани прокуратураси томонидан ўрганилган. Аниқланишича, Кармана тумани «Боғишамол» маҳалласи ва ҳомийлар томонидан мазкур маҳаллада яшовчи С.Илмуродовага жорий йилнинг май-август ойларида озиқ-овқат маҳсулотлари ва моддий ёрдам пули берилган.

Бош прокуратура

1999 йилда Нурота туманида туғилган, «Журналистика» йўналиши 2-босқич талабаси М.Пўлатова қўшниси С.Илмуродовадан унга ҳақиқатдан ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари ва моддий ёрдам пуллари берилгани, маҳалла ходимлари томонидан фотосуратга туширилганлиги ҳақида маълумот олган ва шу асосда 06.08.2020 йилда «Навоий зиёси» газетасида «Эфир учун қилинаётган эҳсонлар» номли мақоласи чоп этилган.

«Боғишамол» МФЙ раиси М.Пардаев, ўринбосари Ҳ.Абдуалимов билан талаба М.Пўлатова мақолада кўрсатган ҳолатларга аниқлик киритиш учун 03.09.2020 йилда С.Илмуродованинг яшаш хонадонига бориб, у билан суҳбатлашаётганида М.Пўлатова ва отаси Р.Пардаев ҳамда ушбу маҳаллада яшовчи фуқаро О.Маматовалар ҳам суҳбатга қўшилишган.

Фуқаро С.Илмуродова кўрсатилган моддий ёрдамлар учун ҳеч қандай эътирози йўқлигини маълум қилган. М.Пардаев талаба М.Пўлатовага мақоладаги ҳолатларни тўлиқ ўрганмасдан чоп этганлигини, бундай ҳолатларга маҳаллада яшовчи бошқа холис фуқаролар иштирокида аниқлик киритилиши лозимлигини маълум қилган.

Ўрганиш давомида туманнинг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, талаба М.Пўлатованинг газетага мақола чоп этганлиги учун «Боғишамол» м.ф.й. раиси М.Пардаев унга босим ўтказганлиги ҳолати ўз тасдиғини топмаган.

Бундан ташқари, 04.09.2020 йилда М.Пўлатованинг отаси Р.Пардаев ва ён қўшниси И.Ядгаров, унинг ўғли А.Ядгаровлар ўртасида мақола юзасидан келиб чиққан жанжалда улар бир-бирларини уриб тан жароҳати етказган. Ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан терговга қадар текшириш ўтказилган. Натижада 07.09.2020 йилда И.Ядгаров ва Р.Пардаевларга Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 41, 52-моддалари, А.Ядгаровга МЖтКнинг 52-моддаси маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, кўриб чиқишлик учун туман маъмурий судига юборилган.

СУД ЖАРАЁНИ

8 сентябрь куни Навоий вилояти Кармана тумани судида икки қўшни жанжаллашишга оид маъмурий суд бўлиб ўтади. Судда икки тарафлар тингланиб, бўлиб ўтган воқеалар юқорида айтиб ўтилгандек содир бўлганлиги ҳақида И.Ядгаров тасдиқлайди ва унинг ўғли Р.Пардаевни урмаганлиги аксинча тарафларни ажратганлиги ва ҳеч қанақа ҳақорат қилмаганлигини айтиб ўтади.

Судда участка нозири томонидан йиғилган маъмурий ишда кўшниларни ёлғон кўрсатма берганликлари айтиб ўтилди. Қизиқарлиси, йўлдан тинч ўтаётган бир вақтда икки киши томонидан атайин калтаклангани, ўзини ҳимоя қилган Р.Пардаевга суд томонидан энг кам ойлик иш ҳаққининг икки баравари миқдорида жарима белгиланди.

EFFECT.UZ саволи: Сўз эркинлигини таъминлаш эффекти қаерда нобуд бўлди?