Олий Мажлис Сенатининг раиси Танзила Норбоева Сенатнинг еттинчи ялпи мажлисида бюджет маблағларини пандемия шароитида талон-торож қилинганига муносабат билдирди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар қилди.

Асосий юк молия тизимига тушяпти. Аксарият молиявий ресурслар пандемия оқибатларини юмшатишга йўналтирилди. Жорий йил учун давлат бюджети параметрларини шакллантираётганда бундай ҳолатлар кўзда тутилмаган эди.

Молиявий ресурсларни мобилизация қилиш, янги молиявий манбаларни топиш оператив тарзда ва, айтиш мумкинки, муваффақиятли амалга оширилди. Кўзда тутилган бюджет тадбирлари шундай оғир вазиятда ҳам изчиллик билан олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, ҳукумат, хусусан, Молия вазирлигининг эътиборини бюджет маблағлари устидан назоратни кучайтириш масаласига қаратмоқчиман. ОАВ, жумладан, ижтимоий тармоқларда пандемия шароитида бюджет маблағлари талон-торож қилинаётгани тўғрисидаги ахборотларнинг кўпайиши аҳоли орасида тушунмовчилик ва эътирозларга сабаб бўлмоқда. Албатта, бюджет маблағларини талон-торож қилганларга нисбатан қонуний чоралар кўрилаётгани ва маблағлар жойига қайтарилаётганини ҳам таъкидлаш жоиз.

 

Лекин бундай ҳолатларда жазолашдан кўра олдини олиш бўйича кўпроқ ишлаш лозим. Бюджет маблағлари ажратилаётганда унинг мақсадли фойдаланишини таъминлайдиган механизмлар устида ишлаш мақсадга мувофиқ. Бунда очиқлик ва шаффофлик масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ваҳоланки, очиқлик ва шаффофликнинг йўқлиги ёки унга лозим даражада эътибор қаратмаслик, қайси соҳа ва тармоқ бўлишидан қатъи назар, муаммоларнинг чуқур илдиз отиши, норозиликнинг кўпайишига сабаб бўлади.

Зотан, барчамиз бир ҳақиқатни чуқур англаб етишимиз керак, бюджет маблағи — халқнинг маблағи. Уни талон-торож қилиш кўпнинг ҳақига хиёнат қилиш демак!

Танзила Норбоев, Сенат раиси.