Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Қозоғистон авиация маъмурияти билан халқаро мунтазам йўловчи авиақатновларини тиклаш бўйича олиб борган музокаралар якунига кўра «Uzbekistan Airways» ва «Air Astana» авиакомпанияларига сентябрь ойидан бошлаб паритет тамойили асосида Тошкент–Олмаота–Тошкент йўналишида мунтазам парвозларни бажаришни бошлаш бўйича келишувга эришилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Матбуот хизматининг хабар беришича, мазкур йўналиш бўйича қатновлар ҳафтанинг жума кунлари амалга оширилади. Бугундан эътиборан «Uzbekistan Airways» ва  «Air Astana» авиакомпаниялари ушбу йўналишда парвозларни бажаришни бошлади.

«Air Astana» авиакомпаниясининг Олмаота – Тошкент – Олмаота йўналишида парвозни амалга ошириган самолёт бугун соат 12:40 да Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортига келиб қўнди.

 Ушбу йўналиш бўйича учиш истагида бўлган йўловчилар батафсил маълумотларни авиакомпанияларнинг расмий веб – сайтларидан олишлари мумкин.