Таниқли эстрада хонандаси лицейнинг биринчи курсини эндигина тамомлаган, вояга етмаган қизнинг номусига теккани айтилмоқда. ИИБ эса ҳолатда жиноят аломатлари йўқ, деб топган. Бу ҳақда Кун.уз нашри хабар берди.

Нашр ҳолат юзасидан қизнинг ўзи, отаси ва ишга алоқадор бошқа шахслар билан суҳбатлашди.

Жабрланувчи Ш.нинг айтишича, у Самарқанд шаҳридаги лицейлардан бирида таҳсил олади. У билан бирга ўқийдиган каттақўрғонлик дугонаси Д. таниқли эстрада хонандаси Ж.ни шахсан таниши, ўзларига яқин ҳудудда туғилгани ва оилавий базмларга келиб туришини айтиб юради. Ш. дугонасига агар истаса, уни хонанда Ж. билан таништириб қўйиши мумкинлигини айтади. Аксарият ёшлар қатори Ш. ҳам хонанданинг қўшиқларини эшитиб юргани сабаб у билан шахсан танишишга қизиқиб қолади.

2020 йил 12 июнь куни Д. дугонаси Ш.ни конференсалоқа орқали хонанда Ж. билан телефонда суҳбатлаштиради. Хонанда «Каттақўрғонга келинг, сизни ўзим кутиб оламан», дейди. Суҳбатнинг эртасига, 13 июнда қиз йўлга чиқишидан аввал Д. билан яна гаплашиб олади. Дугонаси уни туманда кутиб туришига, кейин опасиникига боришларига келишилади.

Соат 18:30 лар атрофида хонанда Ж. қизларни кўча бошида оқ Lacetti машинасига миндириб, бошқа бир ҳовлига олиб боради. Ш. у ерда уйнинг эгасидан ташқари яна икки киши бўлганини айтмоқда.

Ж. дастурхон устида Ш.га конякка ўхшаш ичимлик қуйиб беради. У ичишни рад этгач, «ич, ичиб кўр» дея мажбурлайди. Қиз ўша ичимликни ичганидан бироз ўтиб, хонанда уни «сизда гапим бор» деб бошқа хонага олиб ўтган. Ўша хонада Ш.га «Дугонанг сени қиз бола эмаслигингни айтяпти», деган. Қиз бу гапдан сўнг ўзининг бокира эканини билдириб, қаршилик кўрсатса-да, йигит куч ишлатиб, у билан жинсий алоқада бўлади.

Ш. бу ҳолатдан карахт аҳволга тушиб қолгани ва додлай бошлаганини айтмоқда. Қоронғида кўчага чиқиб кетганини кўрган Ж.нинг шериклари ташқарида уни машинага миндириб, пичоқ ўқталган, қабристон олдига олиб бориб қўрқитган. Маълум муддатдан сўнг яна ўша ҳовлига қайтариб олиб келишган. Хонанда «Сен қиз бола чиқмадинг», дея у билан яна бир марта жинсий алоқада бўлган.

Бирор соатлардан сўнг қизларни Д.нинг уйига ташлаб кетишган. Икки кун давомида Ш. қўрқув ва тушкун ҳолатда Каттақўрғонда қолиб кетганини маълум қилди. Ўзининг ҳолатини холасига телефон орқали билдиргач, отаси билан бирга етиб боришган.

Бу воқеалардан хабар топган Ш.нинг яқинлари аввалига андиша қилишганини айтмоқда. Масалан, холаси хонанданинг уйига бориб, оила аъзоларига бу ҳақида хабар берган. Ими-жимида турмуш қуришларини таклиф қилган. Табиийки, Ж.нинг онаси, яқинлари совуқ муносабатда бўлишган. Қизнинг ўзини айблашган. «Ўғлимизнинг тайини йўқ, қизларинг бахтли бўлолмайди. Тенги чиқса, бошқага бериб юборинглар», дейишган.

Каттақўрғон туман ИИБга 15 июнь куни ҳолат юзасидан мурожаат қилинган.

Хонанданинг қизнинг отаси ва холаси билан бир неча марта телефонда гаплашгани ёзиб олинган. Аудиоёзувлардан Ж. қизнинг яқинлари билан маълум жойларда учрашишга келишгани, муроса қилишга урингани ва оқибатда бу учрашув амалга ошмаганини англаш мумкин.

Нашр хонанда Ж. билан телефон орқали боғланган.

Ж. вазиятга изоҳ берар экан «Мен ҳеч кимни мажбур қилмаганман. Ўша куни нима бўлган бўлса, қизнинг ўз хоҳиши билан бўлган. Қолаверса, Ш. билан биргина мен алоқада бўлмаганман, улар менга ёпишиб олишди. Яна икки нафар ‘братишкам’ ҳам бор эди. Мен унинг вояга етмаганини ҳам билмаганман. Қизнинг отаси ‘шантаж’ қиляпти. Мендан уй талаб қилди. Бизнинг фаолиятимизда бунақа ҳолатлар тез-тез бўлиб туради», деди.

Ш.нинг отаси ҳолат юзасидан 18 июнь куни суд-тиббий экспертизаси ўтказилганини, унда қизининг танасида жароҳатлар мавжудлиги, қизининг иффати бузилгани, бузилиш санаси 13 июнь кунига тўғри келиши ҳақида ёзилганини айтмоқда.

Таҳририят йўллаган сўровга жавобан Самарқанд вилоят ИИБ ҳолат юзасидан изоҳ берди. Бошқарма ахборот хизмати берган маълумотга кўра, мазкур ҳолатда Ж. ва бошқаларнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмагани сабабли Жиноят процессуал кодекснинг 36-моддаси, 83-моддаси 2-бандини (гумонланувчининг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса айбсиз деб топиш) қўллаб, тўпланган ҳужжатлар юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Ариза муаллифига оилавий ва фуқаролик низолар бўйича даъво билан тегишли фуқаролик судига ҳамда турмуш қуриш масаласида Каттақўрғон тумани ФҲДЁ органига мурожаат қилиши мумкинлиги ёзма равишда тушунтирилган.

Суриштирув органи нега бундай қарорга келганини чуқурроқ ўрганиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти билан боғланилган. Аммо мухбирлар маҳкамадан саволларга аниқ жавоб ололмаган.