Ҳиндистон ҳукумати ўтган ҳафтада Хитой ҳукумати билан зиддият натижасида, мамлакатда 100 дан ортиқ иловани тақиқлаётганини эълон қилган эди.

Иловалар орасида машҳур PlayerUnknownʼs Battlegrounds ўйинининг смартфонларга мўлжалланган – PUBG Mobile ўйини ҳам тақиқланди.

Маҳаллий нашрларнинг хабар беришича, Ғарбий Бенгалия штатидаги Надия туманида яшовчи 21 ёшли талаба айни шу ўйин сабабли ўзини ўлдирган. Онасининг айтишича, Притам Ҳалдер (Pritam Halder) исмли бу йигит 4 сентябрь куни нонуштадан кейин ўз хонасига қамалиб, эшикни ичкаридан қулфлаб олган. Узоқ вақт чиқмаганидан ва чақирувларга жавоб бермаётганидан хавотирланиб, эшигини бузиб киришса, у хонанинг шифтидаги вентиляторга ўзини осган экан. Марҳумнинг ота-онаси билан бўлган суҳбатдан сўнг полиция ҳам унинг PUBG Mobile ўйнай олмагани учун ўз жонига қасд қилганини қайд этган.

PUBG тақиқининг яна бир қурбони эса Аҳмадободнинг Ананд туманидаги қишлоқлардан бирида яшовчи 16 яшар ўсмир бўлган. У доимо фақат PUBG Mobile ўйнаб, смартфонидан бош кўтармай ўтиравергач, мактаб ўқитувчиси бўлган отаси унинг қўлидан телефонини олиб қўйган. Бола отаси билан жанжаллашиб, сўнг уйда сақланаётган пестициддан ичиб ўзини заҳарлаган. Ота-онаси уни касалхонага олиб келишган, бироқ шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олишмади.