Дилбар Икромова умрининг сўнгги йилларида хор-у зор бўлиб кўчада қолиб кетдими? Марҳумнинг келини вазиятга ойдинлик киритди

Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Икромова 25 август куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Икромовнинг ўлимидан сўнг, актриса умрининг сўнгги йиллларида уйсиз қолиб, хор-у зор бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.

YouTube’даги UntervyuTV канали ушбу гапларга ойдинлик киритиш мақсадида марҳумнинг келини билан суҳбат уюштирди. Зоҳира Икромованинг айтишича, у Дилбар Икромованинг ўғли билан ажрашгандан сўнг ўша ўзлари яшаган уйда қолган. Аниқроғи Дилбар Икромова келинини 3 та фарзанди билан кўчада қолдирмаслик учун, ўғлини олиб у уйдан чиқиб кетган. Лекин шу билан бирга уларнинг Дўрмонда ҳали қуриб битказилмаган дала ҳовлиси ва Тошкентда 2 хонали уйи ҳам бўлганини маълум қилди.

“Уч йилдан буён алоҳида яшардик. ‘Дилбар Икромова умрининг охирида хор-у зорликда яшади, уйсиз яшади’, деган гаплар асоссиз. Шу хонадонга тушганимдан буён етар-етошмовчилик кўрмаганман. Қайнонам ҳамиша музлаткични тўлдириб қўярдилар. Эрим ҳам жуда нуфузли жойда ишларди.
Қайнонам ҳақиқатдан ҳам жаннати аёл эдилар. Ҳаётларини санъатга, фарзандларига бахшида қилган, исмларига монанд дилбар аёл эдилар. Мухлисларидан илтимос қилиб сўрардим, бу гапларга чек қўйишса, руҳларини чирқиратишмаса, дейман. Аллоҳга шукр, жуда яхши яшадилар, ҳеч муҳтожлик кўрмадилар, қандайдир икир-чикирлар бўлгандир, аммо кўчада қолган, деган гаплар нотўғри”, – дейди Зоҳира Икромова.