Ливан пойтахти Байрутдаги портлаш қурбонлари сони 190 кишига етди ва 6500 дан ортиқ одам жароҳат олди. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, портлаш натижасида уч киши бедарак йўқолган, 300 минг киши уйсиз қолган, 50 мингдан зиёд уйлар зарар кўрган.

4 август куни Байрут порти яқинида кучли портлаш содир бўлди. Ливан пойтахтининг кўплаб маҳаллаларида юзлаб уйлар ва автоуловлар яроқсиз ҳолга келиб вайрон бўлган.

Ҳокимият маълумотларига кўра, бунга 2014 йилда божхона органлари томонидан олиб қўйилган ва омборда сақланаётган 2750 тонна аммиакли селитранинг портлаши сабаб бўлган.

Ливан пойтахти табиий офат зонаси деб тан олинди ва шаҳарда икки ҳафта давомида фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Шундан сўнг шаҳарда ҳукуматга қарши митинглар бўлиб ўтди, натижада Ливан бош вазири Ҳасан Дияб истеъфога чиққанини эълон қилди.

Манба

Тавсия қиламиз:  Андижонда шифокор дўппосланди (видео)